Исроилнинг шимоли ва марказидаги шаҳарлар 11 март, пайшанба куни кечқурун Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан уюштирилган оммавий ракета ҳужумига учради. Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ўзининг расмий Telegram-каналида тахминан 150 та ракета учирилгани ва ҳужумлар қайтарилгани ҳақида хабар берди.
Ракета отишмалари тахминан соат 20:00 да бошланган. Исроилнинг шимолий ва марказий қисмида ҳаво хавфи режими эълон қилинди. Ҳайфада ҳам ҳудуд бўйлаб дронлар учирилганини билдирувчи сиреналар янгради. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум натижасида камида икки киши жабрланган.
Ливан гуруҳи эса ўз навбатида баёнот эълон қилиб, ҳужумдан кўзланган мақсад Исроилнинг ҳарбий объектлари ва мамлакатнинг Ливан билан чегарасидан беш километр ичида жойлашган аҳоли пунктлари бўлганини билдирди. Гуруҳ баёнотига кўра, ушбу аҳоли пунктлари аҳолиси эвакуация қилиниши керак.
“Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга қарши ракета ҳужуми Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери энг йирик ҳужум бўлди, бу урушда гуруҳ Теҳронни қўллаб-қувватламоқда.
“Ҳизбуллоҳ” ҳужумидан кўп ўтмай, ЦАҲАЛ Байрутдаги гуруҳ объектларига, жумладан, “Ҳизбуллоҳ” таянч нуқтаси ҳисобланган Даҳия туманига авиация зарбалари берганини маълум қилди. Исроил ҳарбийларининг маълумотларига кўра, ўққа тутишлар давомида ҳаракатнинг 10 та штаб-квартираси, шунингдек, тайёр турган ракета учириш қурилмалари йўқ қилинган.
Маҳаллий аҳоли шаҳардаги бир нечта объектлар устида портлашлар ва кўтарилаётган тутун акс этган видеоларни эълон қилди.
Ливан ҳудудидан бўлган отишмадан кўп ўтмай, Исроилга Эрондан баллистик ракеталар учирилди, деб хабар қилди ЦАҲАЛ. Исроил ҳарбий идорасига кўра, уларнинг барчаси тутиб қолинган.
Шу фонда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Исроилнинг икки давлат ҳудудидан ўққа тутилганини “қўшма ва интеграциялашган операция” деб атади. ЦАҲАЛ эса бу маълумотни тасдиқламаяпти.
Кейинроқ, 12 мартга ўтар кечаси, Исроил яна Ливан томонидан ҳужумга учради, бунда узоқ масофага учувчи ракеталардан фойдаланилди. Бу ҳужум вақтида Тел-Авив ва унинг атрофида сиреналар янгради. Эрон ҳам Исроилнинг марказий қисмига яна бир баллистик ракета учирди, ЦАҲАЛ эса Теҳрондаги ИИМК объектларига жавоб зарбалари берилганини маълум қилди.
28 феврал куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эронга оммавий авиация зарбалари бериб, “Эпик ғазаб” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Бунинг натижасида Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоминаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳалок бўлди. Бунга жавобан Эрон Исроилга ва Форс кўрфази мамлакатларидаги Америка ҳарбий объектларига зарбалар бермоқда.
















