Интернетда деярли ҳамма еяётган нарсаларимизни зарарли деб гап тарқатишяпти. Гармон уриладиган товуқлар, гўштдан арзон колбасалар, чўчқа желатинидан қилинадиган мармеладлар, саратонга сабаб бўлувчи энергетиклар, заҳарли ўсимлик мойлари ва ҳоказо. Учта “оқ заҳар” – шакар, оқ ун ва туз. Бу гапларнинг қай бири рост, қай бири шов-шувлигини ажратолмай қоляпмиз. SUBYEKTIV бир нечта тажриба ва изланишлар орқали мавзуга ойдинлик киритди. Биз нима еяпмиз? Бу кўрсатув энг биринчи эҳтиёжимиз бўлган озиқ-овқат масаласига бефарқ бўлмаганлар учун.

Ўйлаб кўринг-чи, ўқувчи фарзандингизга егулик сотиб олиш учун кунига неча сўм берасиз? Улар бу пулга яраша нималарни сотиб олишяпти?

Маҳсулотларнинг яроқлилик муддатига қизиқиш одат тусига айланиб бораётгани яхши. Энди тўғрисини айтинг, уларнинг таркиби, калориясини қачон қадоқдан ўқиб, қизиқиб кўрдингиз? Бу мавзуда кўп нарсани ўрганганимдан кейин гипермаркетга кириб, нима сотиб олишга ўйланиб қолдим. Демак, бу ҳақда ҳамма билиши керак бўлган гаплар кўп. Ўзи биз нима еяпмиз? Келинг, шу ҳақда яхшилаб ўрганамиз.Мен ўзим яқин-яқингача энергетик сувларни кўп ичардим. Атрофимда ҳамма огоҳлантирса ҳам, ҳеч қайтармасдим. Керак бўлса, фаст-фудларни ҳам реклама қилганмиз. Лекин бу кўрсатувни тайёрлаш учун кўп нарсаларни ўрганишим билан ҳозир мутлақо бошқача ҳаёт тарзига ўтдим. Ва бу маълумотларни сиз ҳам билишингиз керак. Айниқса, атрофимизда қанд касаллиги, саратон, семизлик кўпайиб бораётган Ўзбекистон шароитида бу мавзудан хабардорлик жуда муҳим.

Семириб кетдим...

Доимий ўтириб ишлаш, ҳар куни тушликка фаст фуд ва шакарли ичимликлар, камига ҳамма ёққа фақат машинада қатнаш – сизга ҳам таниш ҳаёт тарзими? Ҳар ой қанчадан семирдим, деб ўйлайсиз? Келинг, натижаларни ҳисоблаб чиқамиз.

Ҳаракатсизлик ва уйқудан иборат ҳаётимизда ўртача 1600-1700 килокалорияни кунлик табиий сарфлаймиз. Тушликка ўртача гамбургер, картошка фри ва кола — тахминан етти юз етмиш килокалория. Бу фақат тушлик. Ундан кейин офисда ўтирамиз ва бу калориянинг катта қисмини  ёқмаймиз. Фаст-фуд ва шакарли ичимликлар ёғимизга ёғ бўлиб қўшилаверади.

Кечки овқатга бизни уйда тансиққина, ёғли таомлар кутиб турибди. Уларни ҳам босиб еймиз (ўртача 1000 ккалория). Газагига чой, ширинлик ёки нон қўшсак, кунлик калориямиз анчагина кўпаяди (жами 2000-2100 ккалория). Кунига тахминан 1650 килокалория ёқиб, тўрт юз — беш юз ошиқча калория ёқилмай, ёғ бўлиб йиғилаверди.