Тошкентда ўтган имзолаш маросимида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ерматов, Coca-Cola’нинг Ўзбекистондaги бош директори Казумаса Мукае ҳамда Coca-Cola İçecek компаниясининг Ўзбекистондаги бош менежери Фуркан Айдин иштирок этди.

Келишувга кўра, томонлар 2030 йилгача футболни оммалаштириш, миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширади. Бошқача айтганда, бу ҳамкорлик фақат реклама ёки ҳомийлик билан чекланмай, футбол экотизимини кенгроқ ривожлантиришни мақсад қилади.

“Coca-Cola узоқ йиллардан буён жаҳон футболининг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб келади. Компания йирик турнирлар, жумладан, FIFA Жаҳон чемпионати каби мусобақаларда футболни қўллаб-қувватлайди. Coca-Cola компанияси Ўзбекистон кубоги мусобақасига ҳам ҳомийлик қилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатда футбол барча йўналишларда яъни ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари, аёллар футболи, футзал ҳамда соҳил футболида ривожланиб, халқаро майдонларда муҳим ютуқлар қайд этиляпти. Яқин кунларда аёллар миллий терма жамоаси Австралия ва Филиппин терма жамоаларига қарши ўйин ўтказиши режалаштирилган. Бу ҳам жамоамиз учун катта имконият. Албатта, олдимизда йирик мақсадлар турибди.
Биз жаҳон, Осиё чемпионатлари ҳамда Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Бу ўзбек футболи тарихида янги саҳифалар очишига ишонамиз. Шу муносабат билан барча ҳамкорларимиз, Coca-Cola компанияси, футбол мутахассислари, футболчилар ва мураббийларга миннатдорчилик билдираман. Ишонамизки, келгуси йилларда натижаларимиз янада барқарор бўлиб, ўзбек футболида юқори натижалар қайд этилади”, – дейди Равшан Ерматов.

Тадбир давомида “Coca-Cola Ичимлиги Ўзбекистон” компанияси ва ЎФА ўртасида ассоциация томонидан ўтказиладиган ўйинларни Bonaqua ҳамда Coca-Cola ичимликлари билан таъминлаш бўйича ҳам беш йиллик келишув имзоланди. Маросимда ўзбек футболи афсоналари Одил Аҳмедов, Лутфилло Тўраев, Камолиддин Мирзоев ва Санжар Турсунов, шунингдек, миллий жамоа ўйинчилари Жалолиддин Машарипов ва Ҳожимат Эркинов ҳам иштирок этди.



















