Америкалик машҳур актёр ва жанговар санъат устаси Чак Норрис 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Variety хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, у пайшанба куни Ҳавайидаги шифохонага ётқизилган ва эртаси куни вафот этган.

Чак Норрис 10 март куни туғилган кунини нишонлаганди.

У 40дан ортиқ филм ва сериалларда суратга тушган бўлиб, кино мухлисларига “Жасур Уокер: Техасча адолат” сериали ва машҳур актёр Брюс Ли билан Колизейда жанг саҳнаси билан ёдда қолган “Аждарҳо йўли” филми орқали танилган.

Чак Норрис дзюдода қора белбоғ соҳиби, Бразилия жиу-житсусида 3-даражали қора белбоғ, каратэда 5-даражали қора белбоғ, таэквондода 8-даражали қора белбоғ, танг су дода 9-даражали қора белбоғ ва чун кук дода 10-даражали қора белбоғ соҳиби бўлган. У 1968 йилда каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлган ва ушбу унвонни олти марта ҳимоя қилган.