OSINT-проектлар баҳоларига кўра, 2026 йил январида Россия армияси 240 км², февралда – 120 км² майдонни эгаллаб олган, мартнинг биринчи ярмидаги кўрсаткич эса 50 км² атрофида бўлди.

Худди шу давр оралиғида Украина қуролли кучлари Олександровка ва Гуляйполе йўналишларида иккита алоҳида қарши ҳужум давомида 400 километр квадратдан ортиқ майдонни озод қилгани ҳисобга олинса, йил бошидан бери Россиянинг Украинадаги ҳудудий ютуқлари нолга яқин деб ҳисоблаш мумкин.

Шу билан бирга, фронтнинг кўплаб участкаларида Россия ҳужумларининг интенсивлиги пасаймаган – шахсий таркибдаги йўқотишлар статистикаси ўзгармаган.

Совуқ қиш, баҳорги лойгарчилик, ўтган йилги ҳарбий ҳаракатларнинг фаол босқичидан кейин кучларни қайта тўплаш ва янгилаш зарурати – буларнинг барчаси ҳарбий ҳаракатлар боришига таъсир қилиши шубҳасиз.

Аммо Россия ҳужуми секинлашиши фақат шу омиллар билан боғлиқми? BBC шарҳловчиси Иля Абишев шу саволга жавоб излади.

Фронтдаги вазият ҳақида қисқача

Қишнинг иккинчи ярми ва баҳорнинг бошида Россия ҳужумларининг умумий сони бироз камайганига қарамай, асосий йўналишларда уларнинг динамикаси юқорилигича қолмоқда.

Россия армияси Украина қуролли кучлари мудофаа тизимларига кичик пиёда гуруҳлари билан кириб бориш тактикасини давом эттирмоқда, баъзида ҳарбий техникалар ва мотоциклчилар гуруҳларидан иборат ҳужумлар ҳам амалга оширилмоқда.

Фронтнинг Россия армияси нисбатан фаоллик билан ҳужум қилаётган бир неча участкаларини ажратиб кўрсатиш мумкин.

Покровск ва Мирноград атрофида. Россия 2025 йил охирида ушбу шаҳарларни деярли тўлиқ эгаллаб олганди, аммо Украина бўлинмалари ушбу шаҳар атрофида қолмоқда ва ичкаридаги ҳар қандай объектни ўққа тутиш имкониятига эга, бу эса Россиянинг ушбу шаҳарлар устидан тўлиқ назорати ҳақида гапиришга имкон бермайди. Ҳозирда Россия армиясининг асосий саъй-ҳаракатлари Украина қуролли кучларини Покровск ва Мирнограддан тўлиқ сиқиб чиқаришга қаратилган, бу ҳудудларда, айниқса агломерациянинг шимоли ва шимоли-ғарбида, Гришино ва Родинское қишлоқлари йўналишида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда.

Гуляйполе ҳудудида. Украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовецнинг баҳолашича, у ерда ҳужумлар сони Покровск участкасидагидан кўпроқ, вазият эса икки томонлама характерга эга. Бир томондан, Гуляйполе эгаллангач, Россиянинг 5-умумқўшин армияси ғарбий йўналишда ҳаракатланишда давом этмоқда ва Украинанинг Орихив районини шарқдан тўсиб турган бўлинмасини асосий кучлардан узиб қўйиши мумкин. Бошқа томондан, муваффақиятли қарши ҳужумлар ва Украина қуролли кучлари Гуляйполе шимоли ва шимоли-шарқида фронт чизиғини ёриб ўтиши 5-армиянинг ўнг қаноти ва асосий кучларига таҳдид солмоқда.