Жаҳон | 08:53
3794
2 дақиқада ўқилади

Эрон: АҚШ ва Исроил “Бушер” АЭСга яна зарба берди

Исроил ва АҚШ ҳужуми вақтида “Бушер” атом электр станцияси ҳудудига снаряд тушгани ҳақида Эрон расмийлари маълум қилди. Зарар ва жабрланганлар йўқ. АЭХА барча томонларни вазминликка чақирди.

Фото: Fatemeh Bahrami/Anadolu Agency/IMAGO

Эрон Атом энергияси ташкилоти (ЭАЭТ)нинг 24 март, сешанба куни кечқурун маълум қилишича, АҚШ ва Исроил ҳужуми пайтида отилган снаряд Эрондаги “Бушер” атом электр станцияси ҳудудига келиб тушган. Ташкилот маълумотига кўра, ҳеч ким жабрланмаган, станция объектларига ҳам зарар етмаган.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси X ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотда барча томонларни ядровий ҳалокатга йўл қўймаслик учун “энг юқори даражада вазминлик” сақлашга чақирди.

Эрон жануби-ғарбидаги шу номли шаҳар яқинида жойлашган “Бушер” АЭС 17 март оқшомида ҳам АҚШ ва Исроил ҳужумига учраган эди. Ўшанда ҳам станция ҳудудига снаряд тушган. Бироқ бу радиация сизиб чиқишига ёки АЭСга бошқа турдаги шикаст етишига олиб келмаган эди.

Россия давлат корпорацияси “Росатом” 18 март куни ушбу ҳодисага муносабат билдириб, уни “халқаро хавфсизликнинг асосий қоидалари ва тамойилларига очиқчасига бепарволик” деб атади. Компания раҳбари Алексей Лихачёвнинг сўзларига кўра, “Бушер” АЭСда ҳозир ҳам тахминан 480 нафар россиялик ходим қолмоқда.

Унинг айтишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери давлат корпорацияси ходимларни икки марта эвакуация қилган ва ҳозир учинчи эвакуацияга тайёргарлик кўрмоқда.

“Бушер” АЭС Эронда қурилган биринчи атом электр станциясидир. Мамлакат ҳукумати уни 1975 йилда Германиянинг Siemens компанияси кўмагида қура бошлаган.

Ислом инқилобидан кейин қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилган ва фақат 1995 йилда “Росатом” иштирокида қайта тикланган. Биринчи энергоблок 2013 йилда ишга туширилган, бир неча йил ўтиб эса иккинчи энергоблок қурилиши бошланган.

Сўнгги йилларда станцияда мунтазам техник муаммолар кузатилган, бу эса Эроннинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилишига сабаб бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид