Бугун сизларга шу кунларда Ғазода содир бўлган даҳшатли уруш жинояти ҳақида айтиб бермоқчиман. Бу маълумотни сизга етказишдан аввал ҳаққонийлигини имкони бўлган барча манбалардан текшириб кўрдим.
Ғазолик Осама Абу Носир транспорт ҳаракати деярли имконсиз бўлиб қолган Ғазода от билан киракашлик қилиб, оила боқарди. Оти ўлиб қолгач, тушкунликка тушиб қолган Осама бир куни бир ярим ёшли ўғлини кўтариб дўконга чиққанда унга қарата ўқ узишади. Қочоқлар лагери яқинида Абу Носир ва ўғли исроиллик ҳарбийлар томонидан қўлга олинади.
Ҳарбийлар йигитдан боласини ерга қўйиб, энг яқин блокпостга боришни талаб қилади. У ерда йигитни ечинтириб, сўроқ қилишади. Бироқ Осама исроиллик ҳарбийлар истаган кўрсатмани беришдан бош тортади. Шунда унинг олдига бир ярим ёшли ўғлини олиб келиб қийнашади. Бир ярим яшар боланинг оёғига сигарет босиб, мих тиқишади. Шу тариқа кўз ўнгида боласи чирқираб йиғлаётган йигитдан иқрор кўрсатмаси олишади...
Болани 10 соат давомида ушлаб тургач, халқаро ташкилотлар орқали оиласига қайтариб, отасини қамоққа олишади. Ҳозир унинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Боланинг онаси фаластинлик журналистларга унинг оёқларидаги жароҳат изларини кўрсатган. Видеода боланинг икки оёғига сигарета босилгани излари яққол кўринган. Шунингдек, мих тиқилган жойида ҳам кўкариш инкор қилиб бўлмас даражада кўринган. Бола онаси жароҳатларини кўрсатаётганда чириллаб йиғлаб қолган.
Халқаро ҳуқуқ фаоллари бу ҳолатни бефарқ қолдириб бўлмайди деб айтмоқда. Боланинг онаси эри қайтишидан умидвор, чунки у ҳам даволанаётган бўлган. Ҳолат видеоси ҳали кўп нашрларда тарқамади, лекин ижтимоий тармоқларда видеони кўрганлар ҳайратини, кўплар ғазабини яшира олмаган. Al Jazeera бу бола ҳақида бугун репортаж эълон қилганига қараганда, ҳолат шу кунларда содир бўлган. Жароҳат излари янгилиги ҳам буни тасдиқлайди. Дарвоқе, боланинг оёғига сигарета босилгани ва мих тиқилгани тиббий хулосаларда тасдиқланган.
Болаларга қарши куч ишлатиш, уларни қийнаш, бу ёрдамида боланинг ота-онасидан кўрсатма олиш... энг қонли урушда ҳам бунақа қилиш мумкин эмас. Уруш бошлашнинг ўзи жиноят, қабиҳлик, лекин ўша машъум урушда ҳам қоида бор. Дунё ақли ноқис жиноятчилар бошлайдиган урушда имкон қадар камроқ тинч аҳоли ўлиши учун уруш қоидалари ишлаб чиққан. Урушда болаларни қийнашнинг номи уруш жинояти дейилади. Руҳий касал одамларгина боланинг оёғига сигарета босиши мумкин.
Жасад излаб одам ўлдиришди










