Тожикистон президенти Имомали Раҳмон президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ўзбекистон енгил саноатининг имкониятлари билан танишди.
Давлат раҳбарлари Бухоро вилоятидаги “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги “Нигора” фабрикасига ташриф буюрди. Қиймати 35 миллион долларлик лойиҳа доирасида ташкил этилган фабрика пахта хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ва кийим-кечак тайёрлашгача бўлган узлуксиз ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйган.
“Shoyigul” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж ва тайёр кийим маҳсулотлари асосан Европа мамлакатларига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда. Бу ерда 840 та иш ўрни яратилган.

Олий мартабали меҳмонлар корхонанинг шоу-румини ва тайёр маҳсулотлар намойишини кўздан кечирди.
Тадбир якунлангач, Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни кузатиб қўйди.
Шу билан давлат раҳбари Бухорога сафарини якунлаб, Тошкентга қайтди. Имомали Раҳмон Тожикистонга йўл олди.











