Ижтимоий йўналтирилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Халқ билан бирга» умуммиллий дастурига старт берилди. Наманганда фуқаролар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади. Тиббиёт соҳаси ходимлари 5 кунлик иш ҳафтасида ишлай бошлади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури амалга оширилади

«Халқ билан бирга» умуммиллий дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди ва унга расмий старт берилди. Лойиҳа тақдимотида партия Сиёсий кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, ёшлар, хотин-қизлар, жамоатчилик фаоллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус ижтимоий йўналтирилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, камбағалликка қарши курашиш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон қадрини улуғлаш тамойилларини амалиётга кенг жорий этишни назарда тутади.

Дастур учун алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2026 йил давомида 10 та устувор йўналиш бўйича турли йўналишдаги акциялар ўтказилади. Шунингдек, дастурга 50 мингдан ортиқ тадбиркор жалб этилиши, 1,5 миллиондан зиёд фуқаро турли кўринишдаги ёрдам билан қамраб олиниши режалаштирилган.

Истеъмолчилар чиқиндини олиб кетмаган корхонани антиқа йўл билан жазолади

Наманган вилояти, Янги Наманган туманидаги маҳалла аҳолиси тўпланиб қолган чиқиндиларни машинага юклаб, “Musaffo iqlim” корхонаси қаршисига ташлаб кетди. Ушбу корхона маҳалла ҳудудидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга масъул ҳисобланади. Аҳолининг сўзларига кўра, чиқиндилар кўп вақтдан бери олиб кетилмаган ва тўпланиб қолган, оқибатда одамлар шундай йўл тутишга мажбур бўлган.

Корхона раҳбарияти қишки «метан муаммоси» ва махсус машиналар таъмирда бўлгани каби сабаблар туфайли хизмат кўрсатишда узилишлар бўлганини билдирди.