8 апрелга ўтар кечаси Доналд Трамп қўйган охирги ултиматум муддати тугайди: агар Эрон Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилмайдиган бўлса, АҚШ Эрон электр станциялари, кўприклар ва бошқа ўта муҳим инфратузилма объектларини ўққа тутишни бошлайди. Президент ва АҚШ мудофаа вазири Теҳронга «жаҳаннам» ва «тош асрига қайтариш» билан таҳдид қилмоқда.
8 апрел куни ҳам Трамп навбатдаги ваҳимали постини эълон қилиб, «бугун тунда бутун цивилизация ҳалок бўлиши» ҳақида ёзди:
Бугун кечаси бутун бир цивилизация ҳалок бўлади ва уни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди. Мен бундай бўлишини хоҳламайман, лекин, эҳтимол, шундай бўлади. Бироқ, энди янгиланган режимда бошқа, ақллироқ ва нисбатан мўътадил кучлар устунлик қилаётган бўлса, ҳақиқий инқилобий нарса содир бўлиши ҳам мумкин. Ким билсин? Биз буни бугун тунда, дунёнинг узоқ ва мураккаб тарихидаги энг муҳим лаҳзалардан бирида билиб оламиз. 47 йиллик товламачилик, коррупция ва ўлимлар ниҳоясига етади. Буюк Эрон халқини худонинг ўзинг ёрлақасин!
Трампнинг ултиматуми муддати Вашингтон вақти билан сешанба куни соат 20:00 да, Тошкент вақти билан чоршанба куни соат 5:00 да тугайди.
Қуйида Яқин Шарқдаги урушда кутилаётган кескинлашув арафасидаги асосий маълумотлар келтирилади.
Пентагон авиазарбалар учун нишонларнинг янги рўйхатини шакллантиришни давом эттирмоқда ва бунда юридик мураккабликка дуч келган: кўплаб объектлар, жумладан, электр станциялар ва сувни чучуклаштириш заводлари фуқаролик объектлари сифатида кўрилиб, уларга зарбалар ҳарбий жиноят деб ҳисобланиши мумкин. Эскалация тарафдорлари эса бу объектлар икки мақсадли эканига урғу қаратиб, уларни қонуний нишонлар сифатида кўрмоқда: электр энергияси ва ичимлик сувдан фуқаролардан ташқари ҳарбийлар ҳам фойдаланади.
Эрон ҳукуматининг Ёшлар ва ўсмирлар ишлари бўйича кенгаши котиби Алиризо Раҳимий ёш эронликларни электр станциялари атрофида занжир бўлиб туришга, яъни, амалда, улар учун тирик қалқон бўлишга чақирди. Женева конвенциясига кўра, тирик қалқонлардан фойдаланиш ҳарбий жиноят ҳисобланади.
АҚШ Яқин Шарққа аллақачон қўшимча кучлар ташлаган, 10 мингга яқин десантчилар ва денгиз пиёдалари шулар жумласидан. Электр станциялари ва бошқа муҳим инфратузилмаларга бомба ёғдирилишига параллел равишда улар қуруқликда бир ёки бир неча амалиёт ўтказиши тахмин қилинмоқда. Форс кўрфазидаги Харк ороли эҳтимолий нишонлардан бири сифатида қаралмоқда, бу ерда Эроннинг энг йирик нефт экспорти терминали жойлашган; шунингдек, Ҳўрмуз оролидаги ороллар, Исфаҳондаги ядровий объект (бу ерда Эроннинг 400 килограммдан ортиқроқ миқдордаги бойитилган уран захираси мавжудлиги айтилади) ҳам қуруқлик орқали ҳужум нишонига айланиши мумкин.

















