Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чемпионатга чипта – виза олишни кафолатламайди – АҚШ элчихонаси
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маълум қилишича, FIFA PASS имтиёзли рўйхатга олиш тизими орқали виза суҳбатига ёзилиш мумкин. Яъни бу тизим фақатгина виза суҳбатини олдинроққа белгилаш имконини беради. Элчихонанинг Kun.uz’га маълум қилишича, одамлар орасидаги “Чемпионатга чипта бўлса бас, виза берилади”, деган гап мутлақо нотўғри. Чипта визани кафолатламайди, ҳамма бир хил текширувдан ўтади, дейди дипломатик идора.
FIFA PASS имтиёзли рўйхатга олиш тизими жаҳон чемпионатига чиптангиз бўлса, виза суҳбатини аввалроққа белгилаш имкониятини беради, холос. Бу виза олишни ҳеч қанақасига осонлаштирмайди, чемпионатга чиптаси борлар виза олиши аниқ деган гап йўқ.
Виза суҳбатини олдинроққа белгилаш имконини берувчи FIFA PASS қандай ишлайди?
Элчихонага кўра, аввало FIFA расмий сайтидан чипта сотиб олиниши шарт. Кейин, fifa.com/tickets сайтида розилик формасини паспорт маълумотлари билан тўлдириш керак. Ундан кейин эса виза учун DS-160 аризасини худди шу маълумотлар асосида тўлдириш талаб этилади.
Яъни FIFA PASS ва DS-160 даги пасспорт маълумотлари бир хил бўлиши керак. Шундан сўнг виза суҳбатини белгилаш талаб қилинади.
Агар виза тизимидаги маълумотларингиз розилик формасидаги маълумотларга мос келсагина, FIFA PASS имтиёзли рўйхатга олиш тизими орқали виза суҳбатига киришингиз мумкин бўлади.
Элчихона хабарида ёзилишича, чипта виза олишни кафолатламайди ва барча аризачилар стандарт хавфсизлик текширувларидан барибир ўтади.
“Суҳбатга келинг ва барча саволларга рост жавоб беринг. Ёдда тутинг, чипта виза олишни кафолатламайди. Барча аризачилар бир хил, стандарт хавфсизлик текширувидан ўтказилади. Трибуналарда кўришгунча!” – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.