Жаҳон | 08:05
5287
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг хушмуомала давлатлар рейтинги эълон қилинди

4600 нафардан ортиқ киши иштирок этган Remitly компанияси ўтказган янги сўровнома яққол етакчини аниқлади. Япония барча овозларнинг 35 фоизидан ортиғини тўплаб, рўйхатдаги бошқа барча мамлакатларни анча ортда қолдирди.

Фото: recordchina.co

Ушбу рейтинг дунёнинг турли ҳудудларида хушмуомалалик қандай турлича қабул қилинишини кўрсатади, шунингдек, айниқса Европа ва Осиёда сезиларли минтақавий тенденцияларни ҳам очиб беради.

Хушмуомалалик ҳақидаги тасаввур кўп нарсага — туристик тажрибадан тортиб халқаро бизнес муносабатларигача таъсир қилади. Саёҳатчилар учун бундай рейтинглар хориждаги хулқ-атвор меъёрлари, меҳмондўстлик ва кундалик мулоқотга оид кутилмаларни шакллантиради.

Япония 35,2 фоиз овоз тўплаб, ишончли равишда биринчи ўринни эгаллади — бу иккинчи ўринни олган Канада натижасидан қарийб уч баравар кўп. Бошқа ҳеч бир мамлакат ҳатто 15 фоизлик кўрсаткичдан ҳам ўта олмагани Япониянинг бу масаладаги жаҳон миқёсидаги обрўси нақадар кучли эканини кўрсатади.

Япон маданияти ҳурмат, одоб-ахлоқ ва ижтимоий уйғунликка катта эътибор қаратиши билан машҳур. Анъаналар ва яхши танилган маданий хусусиятлар уйғунлиги мамлакатга деярли бутун дунё бўйлаб юқори баҳо олиб келди.

Японларнинг хушмуомалалиги ҳақидаги стереотиплар тозалик ва пунктуалликка бўлган эътибор каби жиҳатлар билан ҳам мустаҳкамланади. Чет элликларни кўпинча таъзим қилиш ҳурмат ифодаси сифатида, шунингдек, жамоат транспортидаги нисбатан сокин муҳит ҳайратга солади.

Канада 13,4 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади — бу Япония натижасининг ярмидан ҳам кам. Бу эса етакчи билан қолган иштирокчилар ўртасидаги катта фарқни кўрсатади. Шимолий Америкадаги ушбу йирик мамлакат қатор тадқиқотларда дунёдаги энг ҳурматли давлатлардан бири сифатида эътироф этилган, канадаликлар эса азалдан энг дўстона муносабатдаги инсонлар қаторида саналади.

Кундалик мулоқотдаги меҳмондўстлик ва хушмуомалалик Канаданинг халқаро обрўсини мустаҳкамлаган. Айрим ҳолларда бу жиҳат унинг жанубий қўшниси — АҚШ билан таққослаш орқали ҳам яққолроқ кўринади. АҚШ Канада натижасининг атиги ўндан бир қисмига яқин — 1,6 фоиз овоз олган.

Учинчи ўринда 6,2 фоиз натижа билан Буюк Британия жойлашди ва шу тариқа рейтингда Европанинг кучли иштирокига йўл очди. Умуман олганда, топ-25 мамлакатнинг ярмидан кўпи Европага тўғри келади, бу эса жаҳон миқёсида хушмуомалалик кўпинча айнан шу ҳудуд билан боғланишини англатади.

Айниқса, Шимолий Европа мамлакатлари яхши натижа кўрсатди: Буюк Британиядан ташқари, ўнталикка Германия (2,8 фоиз), шунингдек, Скандинавия давлатлари — Швеция (2,3 фоиз), Дания (2,1 фоиз) ва Финландия (1,9 фоиз) ҳам кирди.

Шу билан бирга, Осиё мамлакатлари рўйхатнинг тахминан бешдан бир қисмини эгаллаган бўлса, Африка топ-25 рўйхатда фақат битта давлат — Жанубий Африка Республикаси билан намоён бўлди. У 1,8 фоиз натижа билан дунёда 10-ўринни эгаллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид