Урганч шаҳрида жойлашган Маъмун университетида “Замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари: назария ва амалиёт” мавзусида I халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Маъмун университети ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан етакчи олимлар, профессор-ўқитувчилар, амалиётчи шифокорлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференция доирасида Россия, Туркия, Грузия ва бошқа давлатлардан етакчи мутахассислар маърузалар билан қатнашди. Ялпи мажлисда замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари, жумладан, инфекцион касалликлар, жарроҳлик, онкология, педиатрия ва рақамли тиббиёт йўналишлари бўйича илмий ишланмалар тақдим этилди.

Шунингдек, анжуман давомида бир нечта шуъбалар фаолият юритиб, клиник тиббиёт, жамоат саломатлиги, биотехнология ва инновацион педагогика каби йўналишларда муҳокамалар олиб борилди. Бу эса илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мазкур халқаро конференция билан уйғун ҳолда университетда замонавий виварий лабораторияси расман ишга туширилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу лаборатория:
тиббиёт йўналишидаги талабалар учун амалий машғулотларни кучайтиради
илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш имкониятини кенгайтиради
экспериментал тиббиёт соҳасида замонавий инфратузилма яратади
Лабораторияда қуёнлар, каламушлар, бақалар каби тажриба ҳайвонлари мавжуд бўлиб, улар орқали физиологик ва патологик жараёнларни ўрганиш имконияти яратилган.

Бундан ташқари, бу ер гистологик, ПCР, гематологик, биокимёвий тадқиқотлар ўтказиш учун замонавий ускуналар билан таъминланган.
















