Ҳўрмуз бўғози яна ёпилган. Музокараларнинг янги босқичи ўтказилиши аниқ эмас.

Америкалик ҳарбийлар Эроннинг «Туска» (Touska) номли юк кемасини Ҳўрмуз бўғозидаги қамални ёриб ўтишга уринишда айблаб, эгаллаб олганидан кейин Эрон ва АҚШ ўртасидаги сулҳ хавф остида қолди. 19 апрел куни АҚШ Хитойдан келиб, Эроннинг Бандар-Аббос портига ўтишга уринган контейнеровозга зарба берган. Кейин эса Америка денгиз пиёдалари кема бортига туширилган.

Теҳрон Вашингтонни сулҳни бузиш ва қароқчиликда айблади. Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Исмоил Бақоий АҚШ дипломатик жараённи давом эттиришга «жиддий» ёндашмаётгани, Эрон ўз талабларини ўзгартирмоқчи эмаслигини айтди. Эрон ҳарбий қўмондонлиги «Туска» контейнеровозига зарбага жавоб тариқасида Теҳрон Америка ҳарбий кемаларига дронлар билан ҳужум қилганини билдирди.

Ўтган ҳафта охирида Эрон Ҳўрмуз бўғозини очганди, аммо кўп ўтмай сув йўли яна ёпилди. 17 апрел, жума куни Эрон бўғозни барча тижорий кемалар учун вақтинча очганини эълон қилганди. Аммо шанба куниёқ Теҳрон кемалар қатновини яна тўхтатди. Ислом республикаси қуролли кучлари қўмондонлиги АҚШ Эрон портларини блокада қилишда давом этаркан, кемалар ҳаракатига тўсқинлик қилиши ҳақида огоҳлантирган. Кўп ўтмай Ҳўрмуз бўғозини кесиб ўтишга ҳаракат қилган бир неча кема ўққа тутилгани маълум бўлди. Америка блокадаси 12 апрелдан буён амал қилмоқда ва Вашингтон ҳозирча бундан воз кечишини маълум қилмади.

Икки томонлама блокада

Яқин Шарқдаги уруш бошланган 28 феврал куниёқ Ҳўрмуз бўғози амалда блоклаб қўйилганди. Эрон кемалар эгаларига Ҳўрмуз бўғозидаги асосий сув йўли миналар туфайли (сув йўли миналанганига далил йўқ) хавфсиз эмаслигини ва айрим танкерларни тўлов (ташилаётган ҳар бир баррел нефт учун бир доллар миқдорида) эвазига ўз соҳиллари яқинидан ўтказишни бошлашини маълум қилган.

Эроннинг бу йўналишни ёпиш қарори Яқин Шарқ нефтига қарам бўлган мамлакатларга жиддий иқтисодий зарар етказди ва бутун дунё бўйлаб энергия ташувчилар нархи ошишига олиб келди. Тинч даврда бутун дунё бўйлаб ташилувчи нефтнинг бешдан бир қисми ҳамда ва суюлтирилган газнинг катта қисми айнан шу бўғоз орқали олиб ўтиларди.