Россиядан узоқлашиш, Европага яқинлашиш, Озарбайжон ва Туркия билан нормаллашиш – бугун Арманистон ташқи сиёсатини белгилаб бераётган асосий тенденциялар. 3–5 май кунлари мамлакат пойтахти Ереван дунё сиёсатининг марказига айланди. У ерда бир вақтнинг ўзида учта катта тадбир: Европа Иттифоқи – Арманистон саммити, Европа сиёсий ҳамжамияти йиғилиши ва Арманистон-Франция саммити бўлиб ўтди.

Европа сиёсий ҳамжамияти саммити 4-май куни бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқининг 27 аъзоси ва яна 21 давлат раҳбарлари иштирок этди. Буюк Британия бош вазири, Украина президенти ҳамда масофадан иштирок этган Озарбойжон ва Туркия етакчилари шулар жумласидан.

Арманистон–Европа Иттифоқи саммити – бу тарихда шу форматдаги ва даражадаги биринчи учрашув ҳисобланади. Европа Иттифоқини Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамда Еврокенгаш раиси Антониу Кошта тамсил қилишди, Арманистонни эса бош вазир Никол Пашинян.

Шунингдек, Арманистон–Франция ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам бир кун ажратилди, бу икки давлат ўртасида алоҳида саммит бўлиб ўтти. Унда Франция президенти Макрон Арманистоннинг геосиёсий мустақиллигига алоҳида тўхталиб, Россиянинг ишончсиз ва хавотирли хамкор эканини урғулаб ўтди.

Хўш, Еревандаги бу тадбирлар Кавказ минтақаси учун, глобал геосиёсий вазият учун, жумладан, Ўзбекистон ва туркий дунё муносабатлари учун қандайдир аҳамиятга эгами, агар эга бўлса, қандай аҳамият касб этади?

Еревандаги бу тадбирларни, бир сўз билан “глобал ўзгаришлар давридаги катта ва муҳим воқеа” деб аташ мумкин.

Пост-совет ҳудудидаги геосиёсий вазият кескин ўзгармоқда. Биринчидан, Арманистон – ҳалига қадар расман Евросиё Иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти аъзоси. Бу иккала ташкилот ҳам Россия Федерациясининг стратегик лойиҳалари ҳисобланади. Қолаверса, ҳалига қадар Кавказ мамлакатларидан фақат Арманистонда РФнинг йирик ҳарбий базаси мавжуд (Гумри шаҳрида). Арманистон КХШТдаги фаолиятини тўхтатган, лекин расман бу ташкилотдан чиққани йўқ. Қолаверса, Евросиё Иттифоқининг аъзоси сифатида Россиядан арзон газ ва нефт олади, РФ Арманистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда, расмий Москва учун, бугунги ЕИ – энг асосий душман сифатида кўрилади. АҚШ ҳокимиятига Трамп келгач, Россия билан урушаётган Украинага ёрдам бериш миссиясини ЕИ ўзига олди. ЕИ бугун ўзи учун энг биринчи таҳдид деб РФни кўради. Мана шу фонда, КХШТ ва Евросиё Иттифоқи аъзоси ҳисобланмиш Арманистонда Европа Иттифоқининг йирик саммити ўтаётгани – Ереваннинг Россиядан узоқлашаётганини ифодалайди.