Endocrinology Advisor нашрига кўра GLP-1 дори воситалари билан боғлиқ 4000 дан ортиқ ариза катта федерал суд жараёнлари доирасида кўриб чиқилмоқда.
GLP-1 дорилари нима?
GLP-1 (glucagon-like peptide-1) – бу инсон танасида ишлаб чиқариладиган гормон бўлиб, унинг вазифаси қонда шакар миқдорини назорат қилиш, иштаҳани камайтириш, овқат ҳазм бўлишини секинлаштиришдан иборат ва шу сабабли сўнгги йилларда жуда оммалашди. Бу воситалар асосан диабет учун қўлланади. GLP воситалари Ўзбекистонда ҳам кенг урфга кирган. Бироқ улар кўпроқ озиш мақсадлари учун ишлатилмоқда. АҚШда бу жараён тахминан 3 йил аввал бошланганди ва ҳозирга келиб уларнинг қарши таъсирлари туфайли одамлар GLP ишлаб чиқарувчи компанияларни судга бера бошлади.
Нега суд қилиняпти?
Суд даъволарида беморлар ва уларнинг адвокатлари фармацевтика компаниялари дорининг эҳтимолий хавфларини тўлиқ очиқламаганини даъво қилишяпти. Уларнинг аризаларида ёзилишича, дорилар рекламаси жуда ижобий таъсирда кўрсатилган, фойдаланувчилар жиддий ножўя таъсирлардан етарлича огоҳлантирилмаган, дориларнинг айрим хавфлари кейинроқ маълум бўла бошлаган.
Суд материалларида бир неча турдаги салбий таъсирлар кўп тилга олинмоқда. Масалан, аризачиларнинг айримлари ошқозон ва ичак муаммоларига дуч келишганидан шикоят қилишган. Уларда ҳазм тизимининг кескин секинлашиши, қаттиқ кўнгил айниши ва қайт қилиш юз берган. Баъзи ҳолатларда ичак тўсилиши каби жиддий асоратлар содир бўлган. Бу ҳолатлар тиббиётда “гастропарез”, яъни ошқозон фалажи дейилади. Ошқозон фалажида ошқозон билан боғлиқ нервлар ишдан чиқади, овқатни ҳазм қилиб ичакка ўтказа олмайди. Бу эса саломатликда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари Ozempic, Wegovy, Mounjaro каби GLP-1 гуруҳига кирувчи дориларни қабул қилганлар кўз билан боғлиқ муаммоларга дуч келишгани учун уларни ишлаб чиқарувчиларни судга беришган. Бу дориларини қабул қилган беморларда кўриш қобилиятига таъсир қилувчи касалликлар, жумладан кўзнинг кўрмай қолиши каби ҳолатлар қайд этилган.
Шунингдек, булардан ташқари бошқа жиддий асоратлар ҳам бўлган. Турли ҳолатларда умумий ҳолсизлик, оғир ҳазм бузилишлари ва бошқа салбий реакциялар бўлгани учун ҳам даъво аризалари киритилган.














