Доналд Трамп Оқ уй олдида журналистлар билан суҳбатлашгач вертолётга йўл олмоқда – Апрел, 2025 йил / Фото: AP

4 май куни Пулицер мукофоти қўмитаси журналистика ва санъат йўналишларида хизмат қилувчи 24 нафар ғолиб рўйхатини эълон қилди.

Мукофот администратори Маржори Миллер ўзининг кириш нутқида журналистика ва ижодий ишларга нисбатан тарқалган ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий босимларни санаб ўтди. Миллер, шунингдек, АҚШ Конституциясидаги Биринчи тузатиш (дин, сўз ва матбуот эркинлиги) ҳамда мустақил матбуотнинг аҳамиятини таъкидлади.

«Афсуски, буни ҳозир яна такрорлашга тўғри келмоқда. Чунки Оқ уй ва Пентагонга ОАВ кириши чекланган, кўчаларда сўз эркинлиги хавф остида. Америка Қўшма Штатлари президенти бир нечта ОАВга қарши туҳмат ва ғаразгўйлик учун миллиардлаб долларлик даъволар қўзғатган», деди у.

Маржори Миллер

Аммо «кўплаб қатъиятли ва иқтидорли инсонлар шарофати билан бу соҳалар ҳамон кучли», дея қўшимча қилди Миллер.

Ғолиб бўлган кўплаб ҳикоялар ўтган йили Оқ уйга қайтганидан бери институционал нормаларни остин-устун қилган ва АҚШнинг мамлакат ичидаги ҳамда хориждаги ролини қайта шакллантирган Трамп маъмурияти ҳақидаги ҳисоботлар эди.

Журналистик йўналишдаги барча мукофотлар

Энг олий мукофот – Жамоат хизмати (Public Service) – Washington Post нашрига берилди. Улар Трамп маъмуриятининг миллиардер Илон Маск билан бирга федерал идораларни тартибсиз қайта ташкил этишидаги махфийлик пардасини очиб берган. Шунингдек, мақолаларда ҳукуматдаги қисқартиришларнинг инсонларга таъсири ва мамлакат учун оқибатлари барча тафсилотлари билан ёритилган.