Украинадаги энг машҳур ҳарбийлардан бири, дронлар бўлинмаси қўмондони, «Мажор» лақабли Роберт Бровди BBC мухбири Сара Рейнсфорд билан суҳбатда Россиянинг бир ярим, ҳатто икки минг километр масофадаги ички ҳудудлари ҳам энди хавфсиз ҳисобланмаслиги, Украина дронлари операторларига Россия ҳар ойда урушга ёллаётганидан кўра кўпроқ россияликларни ўлдириш бўйича тўғридан тўғри буйруқ берилгани ва улар бу режани ошиғи билан уддалаётгани ҳақида гапирди.

Апрел ойидан Украина Россиянинг ичкари ҳудудлари бўйлаб янада фаоллик билан зарба беришга киришди. Асосий эътибор нефтни экспорт қилишда фойдаланиладиган инфратузилмага қаратилмоқда – бундай объектларга ҳар қачонгидан жиддийроқ зарбалар берилиши бошланди.

Украина Учувчисиз тизимлар кучлари командири Роберт Бровди BBC мухбирига берган интервюсида (у журналистлар билан жуда кам мулоқот қилади) бундай зарбалар ортишда давом этишини маълум қилган. У шунингдек украин дронлари рекорд миқдорда россиялик ҳарбийларни ўлдираётгани ва шу орқали фронтда Россиянинг юриши тўхтатиб турилгани ҳақида гапирган.

«Энди Россиянинг 1500 километр ва 2000 километр ичкари ҳудудлари – фронтортидаги тинч жойлар эмас. Украинанинг ҳурликсевар „қушчаси“ қачон қаерни истаса, ўша ерга учади», – дея огоҳлантиради Роберт Бровди.

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг ичкари ҳудудларига зарбаларни «Москва учун жуда оғриқли» деб атайди ва улар Россия энергетика секторига «ўта жиддий» зарар етказаётгани, Яқин Шарқдаги вазият туфайли жаҳон бозорида нефт нархи кескин ошганига қарамай, Россия ўнлаб миллиард доллар зарар кўраётганини айтади.

Бундай ҳужумлар янада интенсив тус олгани технологиялар ривожлангани билан ҳам боғлиқ. Украинада ишлаб чиқарилаётган дронлар арзонроққа тушмоқда ва учиш масофаси узаймоқда: энди улар минг километрдан икки минг километргача масофани босиб ўта олади.

Уларнинг қаерга учиши ҳам муҳим. Россия жонли кучлари ва ҳарбий заводларига қўшимча равишда энди Россия энергетика экспорти ҳам устувор нишонга айланди.

«Путин табиий ресурсларни қазиб олиб, уларни қонли долларларга айлантирмоқда. Улар ўз еридаги ерости бойликларини долларга айирбошлайди, кейин эса „шаҳид“лар ва баллистик ракеталар кўринишида бизга қарши йўналтиради», – дея бундай зарбаларни изоҳлайди Бровди.

Қора денгиз соҳилидаги Туапсе шаҳри аҳолиси маҳаллий нефт терминали кетма-кет зарбалар остида қолганидан кейин токсик ёмғирлардан азият чекди. Аммо Бровди пинагини бузмайди.