Молия | 00:58
338
2 дақиқада ўқилади

Тарихий воқеа: Ўзбекистон акциялари Лондон фонд биржасига жойлаштирилмоқда

18 май куни дунёнинг энг йирик ва қадимий биржаларидан бири - Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг илк оммавий жойлаштирилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтади. 

Фото: KUN.UZ

Бу воқеа дунё мамлакатларининг Ўзбекистонга бўлган ишончини ва президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам, Ўзбекистон молиявий тарихида янги саҳифанинг очилиши деб эътироф этилмоқда. 

Унда етакчи халқаро молиявий корпорацияларнинг қатнашиши жаҳон молия бозорлари Ўзбекистонни ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида кўраётгани, маҳаллий компанияларга инвестиция киритиш, корпоратив бошқарув ва шаффофликнинг замонавий стандартларини жорий этишни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини кўрсатмоқда.

Маросимда президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Ўзбекистон президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Обид Ҳакимов иштирок этади.

Аввалроқ Миллий инвестиция жамғармасининг 31 фоиз улуши 603,6 млн долларга сотилгани хабар қилинганди.

Маълумот учун: Лондон фонд биржаси дунёдаги энг йирик ва энг қадимий фонд биржаларидан бири бўлиб, 1801 йилдан буён фаолият юритиб келади. Биржа London Stock Exchange Group (LSEG) таркибига киради ва жаҳон молия бозорида етакчи ўринда туради. 

LSE’да акциялари савдо қилинадиган компанияларнинг умумий бозор капитализацияси 3–4 трлн доллардан ошади. Биржада дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан 2 000 дан зиёд компания рўйхатдан ўтган.

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси Ўзбекистон президентининг 2024 йил 27 августдаги қарори асосида ташкил этилган. «Franklin Templeton» компанияси унинг ишончли бошқарувчиси ҳисобланади.

UzNIF портфелига қуйидаги компаниялар киради: «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбектелеком», «Uzbekistan Airways», «Темирйўлинфратузилма», «Ҳудудгазтаъминот», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон МЭТ» АЖ, «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси», «Ўзбекинвест», «Ўзсувтаъминот» ва «Ўзсаноатқурилишбанк».

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид