Ўзбекистон | 15:35
449
4 дақиқада ўқилади

“Янги китоб” лойиҳаси тақдимоти: рақамли инқироз, жамият ва коинот мавзуларига бағишланган 6 та асар

Эндиликда китоблар нашр этилиб, сўнг шунчаки дўконларга тарқатилмайди. «Янги китоб» лойиҳаси доирасида ҳар бир асар шоу, анимация ва турли медиа форматлар орқали “тренд” даражасига олиб чиқилади. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу ёндашув китобни нафақат бозорда харид қилинадиган маҳсулот, балки ёшлар кундалик фаолиятида зарур бўлган, оммабоп ва қадрли контентга айлантиради.

Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида “Янги китоб” лойиҳасининг расмий тақдимоти ўтказилди. Тадбир президентнинг 2026 йил 15 январдаги ПҚ-9-сон қарорида белгиланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги, Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси, «Мутолаа» лойиҳаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар қўмагида йўлга қўйилмоқда. Таъкидланишича, унинг доирасида янги асарлар оддий нашр этилиш билан чекланмайди: китоблар саҳна кўринишлари, ижодий чиқишлар ва видеолавҳалар орқали кенг аудиторияга таништирилади. Шунингдек, тадбирлар онлайн ва офлайн форматда трансляция қилинади.

«Шу пайтгача тадбиркор ва стартапчиларимиз янги билимларни асосан хорижий манбалардан излашга мажбур эди. Ҳарвард бизнес мактабининг дарсларини ўзбекчага ўгириш биз учун шунчаки таржима эмас, миллат иқтисодиётига қўшилган муҳим ҳисса бўлди. Тўғриси, ношир аксар ҳолатда орқа фонда қолиб кетадиган инсон. Лекин бугунги “Янги китоб” лойиҳаси ноширларни ҳам саҳнага олиб чиқди, уларнинг меҳнатини муносиб эътироф этди. Бу эса бутун соҳа ривожи учун жуда катта мотивация берди”, – дейди “Гутенберг” нашриёти ҳаммуассиси Равшан Бурҳонов.

Ташкилотчилар бу модел китобни фақат маданий маҳсулот эмас, оммавий қизиқиш уйғотадиган контентга айлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

“Ёзувчи сифатида ушбу формат мен учун янги тажриба бўлди. Саҳнадаги катта шоу, анимацион элементлар, ёруғлик ва эффектлар ижодкорга ҳам кучли мотивация беради. Бугунги болалар оддий ҳикоядан кўра коинотдек кенг тасаввурни хоҳлайди. Мен фантастика орқали уларнинг тасаввурини кенгайтиришни мақсад қилганман. Натижада уларнинг ўзида ҳам янги асарлар, ихтиролар яратишга кучли рағбат пайдо бўлади”, – дейди болалар ёзувчиси Саъдулло Қуронов.

Энг муҳим жиҳатлардан бири сифатида айтиш мумкинки, тақдимот жараёнининг ўзида китоблар учун харидорлар ва ҳамкор инвесторларни жалб қилиш механизми ҳам йўлга қўйилмоқда.

“Ноширлар орасида китоб сотиш қийин деган қараш бор. Аслида муаммо китобни чиқаришда эмас, уни қандай тақдим этишда. Бугунги каби катта саҳнали тақдимотлар асарга эътиборни оширади. Агар бу тизим давомли бўлса, китобни ҳам инвестиция йўналиши сифатида кўриш мумкин бўлади”, – дейди ношир Амирхон Валижонов.

“Янги китоб” лойиҳаси шунчаки бир марталик тадбир эмас, давомий анъанага айланиши кўзда тутилган. Ташаббуснинг келгуси режалари ва асосий миссияси ҳақида “Мутолаа” лойиҳаси раҳбари Сирожиддин Олимов шундай хулоса қилди:

“Китоб аслида чексиз дунё. Лекин уни бугунги ёшлар тилида бериш керак. Биз ҳар ой бир нечта китобни шоу-форматда тақдим этишни режалаштиряпмиз. Мақсад китобни ҳар бир хонадонга, ҳар бир ёшнинг кундалик ҳаётига олиб кириш. Китобхон миллат бўлиш фаровон жамиятга олиб боради”, – деди у. 

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш