Ўзбекистон | 11:52
1334
2 дақиқада ўқилади

Солиқчи ва собиқ ҳоким ўринбосарига нисбатан иш очилди

Самарқанд вилоятида коррупция билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда солиқ тизими ва маҳаллий ҳокимиятда ишлаган мансабдор шахслар ноқонуний равишда пул олган вақтда ушланди.

Маълум қилинишича, Булунғур туманида фаолият юритувчи “Бухгалтерия маркази” давлат муассасаси ҳисобчиси фермер хўжалигига ҳисобланган 150 млн сўмлик солиқ қарздорлигини камайтириб беришни ваъда қилган. У бунинг учун фермер раҳбаридан аввал 3 млн сўм олган.

Кейинчалик ҳисобчи қўшимча 15 млн сўм талаб қилиб, ушбу маблағни Булунғур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари билан биргаликда олаётган вақтида ДХХ ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат Каттақўрғон туманида қайд этилган. 2025 йилда туман ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган шахс фуқарони тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 14 млн сўм олгани аниқланган. Аммо у ваъдасини бажармаган.

Тезкор тадбир давомида ҳозирда собиқ ҳоким ўринбосари бўлган мазкур шахс олган пул маблағининг бир қисми сифатида 1000 АҚШ долларини қайтариб бераётган вақтида фош этилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш