Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автомобил бозоридаги фирибга қарши чора ва қарзни ундирувчи нотариуслар – маҳаллий дайжест
Автомобил одометрини ўзгартириб, бу ҳақда харидорни огоҳлантирмаганлар жазоланади. Айрим низосиз қарзларни нотариус орқали ундириш тартиби белгиланди. Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга эгалик ҳуқуқини олиш енгиллаштирилади. Самарқандда солиқчи ва собиқ ҳоким ўринбосарига нисбатан иш очилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Автомобил одометрини ўзгартириб, бу ҳақда харидорни огоҳлантирмаганлар жазоланади
Олий Мажлис Сенатининг 18 май куни ўтказилган навбатдаги мажлисида бир қатор қонунлар, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришлар маъқулланди.
Янги тартибга кўра, автомобил одометрини алмаштириб ёки кўрсаткичини ўзгартириб (босиб ўтилган йўл кўрсаткичини камайтириб), бу ҳақда харидорни огоҳлантирмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги киритилган 178-2-моддасига кўра, ушбу қилмиш БҲМ 10 бараваридан 15 бараваригача (4,12 миллион сўмдан 6,18 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда. Мазкур норма иккиламчи автомобил бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Айрим қарзлар нотариус орқали ундирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 19 май кунги йиғилишда низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
Унга кўра, ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойнинг мулкдоридан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари бўйича низосиз талабларни кўриб чиқиш тартиби ўзгаради.
Ушбу қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабнинг миқдори БҲМ 1 минг бараваридан (ҳозир 412 млн сўм) кўп бўлган тақдирда, амалдаги таомил асосида – суд томонидан, буйруқ тартибида кўриб чиқилади. Ундан кам бўлган низосиз талабга доир иш эса нотариус томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга эгалик ҳуқуқини олиш енгиллаштирилади
Сенатнинг ялпи мажлисида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга эгалик ҳуқуқини олишни енгиллаштириш назарда тутилган қонун лойиҳаси маъқулланди.
Ушбу қонун орқали ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларга мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда бир марталик тўловни (бу ҳудудга қараб 375 минг сўмдан 1 млн 875 минг сўмгача бўлиши мумкин) бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўловнинг (бу ҳам ҳудудга қараб 375 минг сўмдан 1 млн 875 минг сўмгача бўлиши мумкин) 50 фоизи 20 кун ичида тўланган тақдирда, тўловнинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади.
Иншоотга тегишли қарздорлик БҲМнинг 30 бараваригача (12 млн 360 минг сўм) бўлганда, бу мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи олишга монелик келтириб чиқармайди. Мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш ва жамоатчилик учун эълон қилиш муддати 150 кундан 50 кунга қисқартирилади.
Солиқчи ва собиқ ҳоким ўринбосарига нисбатан иш очилди
Самарқанд вилоятида коррупция билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда мансабдор шахслар ноқонуний равишда пул олган вақтда ушланди.
Маълум қилинишича, Булунғур туманида фаолият юритувчи «Бухгалтерия маркази» давлат муассасаси ҳисобчиси фермер хўжалигига ҳисобланган 150 млн сўмлик солиқ қарздорлигини камайтириб бериш эвазига 3 млн сўм олган. Кейинчалик қўшимча 15 млн сўмни олаётган вақтида ушланган.
Каттақўрғон туманида собиқ ҳоким ўринбосари фуқарони тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 14 млн сўм олгани аниқланган. Аммо у ваъдасини бажармаган. Тезкор тадбирда у пулнинг бир қисми сифатида 1000 АҚШ долларини қайтариб бераётган вақтида ушланган.
Мавзуга оид
20:08 / 18.05.2026
Ўзбекистон акциялари Лондонда ва собиқ амалдорлар учун эҳтимолий чеклов – маҳаллий дайжест
20:35 / 15.05.2026
Янгиланган энерготарифлар ва порахўрларнинг портрети – маҳаллий дайжест
19:23 / 14.05.2026
Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупция ва янги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест
19:35 / 13.05.2026