Ўзбекистон | 10:31
729
2 дақиқада ўқилади

Метро бекатларида кичик савдо нуқталари пайдо бўлади

Тошкент метрополитенида йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида метро бекатларида вендинг аппаратлари ва кичик савдо нуқталарини жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бу чоралар 2028 йил якунига қадар босқичма-босқич амалга оширилади.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда президентнинг “Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, метро бекатларига кириш жойларида ҳамда бекатлар орасидаги ўтиш йўлакларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаган ҳолда вендинг аппаратлари ва кичик кўчма савдо объектларини жойлаштириш чоралари кўрилади.

Шунингдек, хусусий тадбиркорларга метрополитен тоннеллари ва бекатларида аукцион орқали ижара асосида хавфсиз фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади.

Ҳужжатда 2030 йилгача метрополитенда ташиладиган кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, бекатлар сонини 79 тага ва линиялар узунлигини 103 километргача ошириш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, метро станциялари олдида автотураргоҳлар ташкил қилиниб, Park & Ride тизими жорий этилади. Унга кўра, автотураргоҳдан фойдаланган йўловчиларга метро чипталари учун чегирмалар бериш ҳамда автотураргоҳ тўловини метро чиптаси орқали амалга ошириш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, метро поездлари ҳаракат интервалини 2–3 дақиқагача қисқартириш ҳам режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид