Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси Ҳўрмуз бўғози бўйича янги қонун лойиҳасини маъқуллади. Унда АҚШ ва Исроилга тегишли кемаларнинг бўғоз орқали ўтиши тақиқланиши кўзда тутилган, деб хабар берди IRIB.
«Ҳўрмуз бўғозининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича стратегик чора-тадбирлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентнинг миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан маъқулланди», — дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, кемалар бўғоз орқали Исроилга алоқадор ҳар қандай юкни, жумладан ҳарбий ёки фуқаролик юкларини ташиши мумкин бўлмайди.
Қонун лойиҳасига кўра, бу талабни бузганлик учун ташилаётган юк қийматининг 20 фоизигача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Аввалроқ Press TV Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳаммад-Боқир Зулқадрга таяниб, Эрон АҚШ қатор шартларни бажармагунча Ҳўрмуз бўғозини очмаслигини хабар қилганди.
Бу шартлар орасида мамлакатга нисбатан таҳдидларни тўхтатиш, Эрон ва унинг иттифоқчиларига қарши ҳарбий амалиётларни якунлаш, санкцияларни бекор қилиш, денгиз қамалини тугатиш, АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш ҳамда товон пули тўлаш каби талаблар бор.











