Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис ўз интервюсида Калининград ҳақида айтган гаплари учун Россияда кескин танқидга учради. Москвадагилар вазирнинг сўзларини «телбалик» деб аташди. Будриснинг интервюси 18 май куни Швейцариядаги Neue Zürcher Zeitung газетасида эълон қилинганди. Қуйида вазир нималар дегани ва унинг сўзларига Россиядан қандай жавоб бўлгани ҳақида.

Литва ТИВ раҳбари нималар деган?

Кястутис Будрис Литвада ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етишмаслиги, Россия ва Украина дронлари эса «мунтазам равишда мамлакат ҳаво кенгликларига бостириб кираётгани», бундан ташқари, баъзида Литва устидан Россия жанговар самолётлари транспондерларини ўчирган ҳолда учиб ўтиши ҳақида гапирган.

Вазирнинг ҳисоблашича, Россия-Украина уруши туфайли «бундай ҳодисалар эҳтимоли кескин ошган». Унинг сўзларига кўра, Литва яқин ва ўрта масофали тизимларга инвестиция киритмоқда, бироқ мамлакатда «баллистик ва қанотли ракеталарни қайтариш учун узоқ масофали ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаяпти». Будриснинг айтишича, Литва Россиянинг ниятлари ва имкониятларини билади: «Ўзгариши керак бўлган ягона нарса – бу бизнинг заифлигимиз. Ва биз бунинг устида ишлаяпмиз».

Кястутис Будрис
Konstantin Sednev / Postimees Grupp / Scanpix / LETA

У НАТО низомининг бешинчи моддасига ишониши ва мамлакатга бостириб кирилган тақдирда Европадаги иттифоқчилар Литвага ёрдам беришига шубҳа қилмаслигини қўшимча қилган. Ҳозир ҳам Литвада НАТО қўшинлари жойлаштирилган, асосий масъулият эса Германия зиммасида. У Германия Литва хавфсизлигини ҳимоя қилишига ишонади: «Германия бизга сўз берган».

Россиянинг Литва Полша ўртасида жойлашган анклав ҳудуди ҳисобланган Калининград шаҳри ҳақида гапираркан, вазир шундай дейди:

Биз россияликларга уларнинг Калининградда қурган кичик қалъасига ёриб киришга қодир эканимизни кўрсатишимиз керак. НАТОда зарурат туғилганда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа базалари ва у ерда жойлашган ракета базаларини ер билан яксон қилиш учун воситалар мавжуд.

Будрис «Европа бирлигининг емирилиши»дан қўрқасизми, дея берилган саволга жавобан европаликлар Европани яқин йилларда нима кутаётганини яхши билиши ҳақида айтган. «Ва биз нима хавф остида эканини биламиз. Аммо умид қиламанки, шу кунларда барча партияларда олиб борилаётган стратегик мунозара бир хулосага олиб келади: ҳаракатсизлик учун тўлов жуда юқори бўлади», – дея қўшимча қилади Будрис.