Эрталаб уйғониб, ойнага қарасангиз-у бурнингиз жойида йўқ бўлса, нима қилардингиз? Шифохонага югурасизми, полиция чақирaсизми ёки уйқусираяпман, деган хаёлга борасизми? Энди тасаввур қилинг, орадан бир неча соат ўтиб, бурнингизни шаҳар марказида учратиб қолсангиз ва у сизни танимасликка олса, мансаби билан керилиб турса, чидармидингиз?

“5 дақиқа”нинг навбатдаги сонида Николай Гоголнинг “Бурун” қиссаси ҳақида гаплашамиз.

Воқеалар петербурглик сартарош Иван Яковлевичнинг хонадонидан бошланади. Унинг нонуштасидан бурун чиқиб қолади. Ҳа, тўғри эшитдингиз, инсон бурни. Сиз ажабланиб турган бир пайтда, ёзувчи Гогол мутлақо жиддий оҳангда асарни давом эттиради. Худди нон ичидан бурун чиқиши табиий ҳодисадек.

Сартарош буруннинг шакл-у шамойилидан унинг кимга тегишли эканини эслайди. У коллежнинг кичикроқ мансабдори Ковалёвнинг бурни эди. Шу жойдан бошлаб асар реал ҳаётдан узилади, лекин айни пайтда жамият ҳақидаги ҳақиқий ҳаётга жуда яқинлашади.

Иван Яковлевич қўрқиб кетади. Чунки бу ерда одамнинг бурни йўқолгани эмас, ишга полиция аралашиб қолиши хавфлироқ эди. Ёзувчига кўра, у жамиятда одамлар фожиадан эмас, расмиятчиликдан қўрқарди. Сартарош бурундан қутулиш учун уни кўчага ташламоқчи, дарёга отмоқчи бўлади, лекин ҳар ерда назорат, ҳамма ер шубҳали эди. Ҳатто бурунни ташлаб кетиш ҳам осон эмасди.

Бу пайтда майор Ковалёв уйғонади. Ойнага қараса - бурни йўқ. Юзининг ўртаси теп-текис. Гогол бу саҳнани шундай тасвирлайдики, ўқувчи бир вақтнинг ўзида ҳам кулади, ҳам ҳайрон қолади. Чунки Ковалёв учун бурун оддий аъзо эмас. Бу унинг обрўйи, мавқейи, жамиятдаги “юзи” эди-да.

Ковалёв ажойиб одам. У ўзини “майор” деб аташларини яхши кўради, мансаб орқасидан қувади. Нева проспектида айланиш, бойвачча бирор аёлга уйланиш, яхшироқ мансабга ўтириш - булар унинг ҳаётининг мазмуни эди. Шунинг учун бурун йўқолиши унинг саломатлиги эмас, ижтимоий мавқейига кўпроқ таъсир қилади.

Гогол шу ерда жуда кучли сарказм ишлатади. Инсон ўзининг ички дунёси билан эмас, ташқи кўриниши ва унвони билан баҳоланадиган муҳитни кўрсатади. Гўёки одамни кеккайган бурни ташлаб кетса, унинг бор бисоти ҳам кетадигандек.

Қиссанинг энг машҳур ва энг абсурд саҳнаси кейин бошланади. Ковалёв шаҳарда ўз бурнини учратиб қолади. Ҳа, бурун мустақил одамга айланганди. У мундир кийган, каретада юради, ўзини ҳатто юқори мартабали амалдордек тутади. Одамлар эса унга ҳурмат билан йўл беришади.