Эбола вируси келтириб чиқарган касаллик Конго Демократик Республикасида тарқалиши давом этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесуснинг маълум қилишича, мамлакатда Бундибуджио эболавирусига чалиниш ҳолатлари 900 дан ошган, шундан 220 та ҳолатда ўлим қайд этилган. Ва тиббиёт ходимлари вирус юқиши мумкин бўлганларнинг атиги 20 фоизини (1745 контакт) кузата олмоқда. Қўшни мамлакатлар билан чегаралар ёпилган ёки қаттиқ назорат қилинмоқда, аммо касаллик тарқалишини секинлаштиришнинг имкони бўлмаяпти. Конго ДР ичкарисида бу тартибсизликларга олиб келмоқда: инфекцияга чалинишда гумонланувчиларни жойлаштиришга мўлжалланган марказдан камида 18 киши қочиб кетган ва улар ҳамон топилмаган. Қуролланган исёнчи гуруҳлар фаолияти, ичкарида кўпчилик у жойдан бу жойга кўчиб юриши, ҳокимият лаёқатсизлиги ҳамда халқаро ёрдам қисқаргани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Ҳозирча эпидемияни назоратга олишнинг иложи бўлмаяпти – уни жуда кеч аниқлашди
ЖССТ 2026 йил май ойи ўрталарида расман халқаро аҳамиятга эга фавқулодда вазият эълон қилди, бироқ эпидемия амалда бир неча ҳафта олдин бошланган ва пайқалмай қолган эди. Мутахассислар фикрича, вирус аниқланишидан олдин минтақада бир неча ой давомида айланиб юрган бўлиши мумкин. The New York Times нашри таъкидлашича, Эбола инфекцияси тарқалиши эълон қилинганидан атиги 10 кун ўтиб, у кузатувлар тарихидаги учинчи энг катта эпидемияга айланди.
Бу сафар эпидемияни назорат қилиш вируснинг тури туфайли ҳам қийин. Тасдиқланган дори-дармонлар ва вакциналар йўқлиги шунга олиб келдики, тиббиёт ходимлари вазиятга фақат беморларни иҳоталаш, уларнинг контактларини кузатиш ва қўллаб-қувватловчи терапия ёрдамида таъсир кўрсатиши мумкин.
Шифокорлар ва дори-дармон етишмаяпти. Бунга минтақадаги ички вазият ва Трампнинг сиёсати таъсир кўрсатмоқда
Гуманитар ташкилотлар минтақа энг қалтис паллада ресурссиз қолганини очиқчасига таъкидламоқда. Қуролли гуруҳлар билан тўқнаш келиш хавфи шифокорлар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади. «Итури провинциясида давом этаётган можаро кузатув гуруҳлари ҳаракатланишини, тезкор реакция кўрсатиш гуруҳларни жойлаштиришни ва лаборатория намуналари транспортировкасини чекламоқда», – дейилади ЖССТ ҳисоботида.
Муаммонинг бошқа томони – АҚШнинг гуманитар ташаббуслар соҳасидаги сиёсати; Доналд Трамп маъмурияти ЖССТни молиялаштиришни тўхтатган, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигини (USAID) тарқатиб юборган, бевосита Конго Демократик Республикасига тақдим этиладиган тиббий ёрдамнинг умумий ҳажмини қисқартиришда давом этмоқда.

















