Руминия Фавқулодда вазиятлар хизмати маълум қилишича, 29 майга ўтар кечаси Галац шаҳридаги кўп қаватли уй томига дрон келиб тушган. Унинг портловчи қисми тўлиқ детонация бўлгани оқибатида бинонинг 10-қаватида жойлашган хонадонда ёнғин чиққан.
Ҳодиса натижасида икки нафар фуқаро жабрланган. Уларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, хавфсизлик мақсадида бинодан 70 нафар аҳоли эвакуация қилинган. Ёнғин тез орада бартараф этилган.
Руминия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, турар жой биносига келиб тушган аппарат Россияга тегишли учувчисиз учиш қурилмаси бўлган.
Айни кечада Россия дронлари Украинанинг Одесса вилоятидаги Измаил порти ҳудудига ҳам ҳужум уюштирган. Дунай дарёси бўйида, Руминия чегараси яқинида жойлашган Измаил Украина учун стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик портлардан бири ҳисобланади ва тез-тез ҳужумларга учраб туради.











