Сув хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида атрофдаги бино-иншоотлар, объектлар ҳамда аҳоли хонадонларига зарар етмаган, айни вақтда улар учун ҳеч қандай хавф мавжуд эмас.

Хабарга кўра, сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бошчилигидаги ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб борган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, тегишли ташкилотлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъулларидан иборат тезкор штаб тузилган.

Таъкидланишича, содир бўлган ўпирилиш ҳолатини бартараф этиш ишларини олиб бориш учун 2 та экскаватор, 10 та самосвал, 2 техника ҳамда ишчи кучи жалб этилиб, Чирчиқ дарёси қирғоғини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳлар томонидан Бектемир тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг оқим бўйлаб икки ён атрофида жойлашган фуқароларнинг яшаш хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларида профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда, уларга хавотирга ўрин йўқлиги тушунтирилмоқда.

Қайд қилинишича, Чирчиқ дарёсида 11 июнь, соат 18:00 ҳолатига сув сатҳи 278 м3/сек ни ташкил этмоқда ва дарё суви камайтирилмоқда.