Мезбон жамоа иштирокидаги гуруҳлар доим диққат марказида бўлади. Бундай жамоалар ўз мухлислари қаршисида икки карра иштиёқ билан ҳаракат қилишади, бу сафарги мундиалда эса илк бор мезбон жамоалар сони учтани ташкил этади. Шундай мезбонлардан бири бўлган америкаликлар D гуруҳидан ўрин олишган. АҚШ вакиллари гуруҳдан чиқиш учун Парагвай, Австралия ва Туркия каби жамоаларга қарши майдонга тушади.

D гуруҳи тақвими

1-тур

13 июн, соат 06:00 (Тошкент вақти)
АҚШ – Парагвай

14 июн, соат 09:00
Австралия – Туркия

2-тур

20 июнга ўтар кечаси, соат 00:00
АҚШ – Австралия

20 июн, соат 06:00
Туркия – Парагвай

3-тур

26 июн, соат 07:00
Туркия – АҚШ

26 июн, соат 07:00
Парагвай – Австралия

АҚШ

Мураббий

Маурисио Почеттино клублар футболидаги фаолияти туфайли обрў қозонган ва доимо катта клублар нигоҳидаги мутахассис ҳисобланган. «Тоттенҳэм»да ўзига хос услубга эга жамоа қуриб, Чемпионлар лигаси финалига чиққан, унинг резюмесида «ПСЖ» ва «Челси» каби бошқа номдор клублар ҳам бор.

2024 йилда АҚШ Почеттинони миллий жамоа бошқарувига олиб келиш учун олти миллион евролик йиллик маош тайинлашдан иккиланмади – у ҳозирда 2026 йилги жаҳон чемпионатида ишловчи мураббийлар орасида энг юқори маошга эга бўлган учинчи мутахассисдир. Маурисионинг ўзи ҳам фаолиятида янгилик қилишни истаганди ва Қўшма Штатлардан келган таклифга иккиланмай розилик билдирганди.

Юлдузлар

Американинг ҳозирги таркибида энг машҳур футболчи Кристиан Пулишич ҳисобланади. Ёшлигиданоқ маҳаллий футбол келажаги сифатида қаралган ушбу вингер ишончни оқлади ва Европанинг топ-даражадаги клублари сафида ўйнади. У АҚШдаги мухлислар қаттиқ ардоқлашади ва мамлакатда тўрт марта йил футболчиси деб топишган – бундай рекорд кўрсаткич билан фақат Америка футболи афсонаси Лэндон Донован мақтана олади.