Жума куни Россия армияси бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путинга РФ армияси Донецк областидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳар Константиновкани тўлиқ эгаллагани тўғрисида ҳисобот берди. Аммо кейинги куни Украина қуролли кучлари бу баёнотни рад этиб чиқди, украинлар етакчиси Володимир Зеленский эса Кремл раҳбарига Константиновкада учрашув ўтказишни таклиф қилди. BBC рус хизмати ушбу шаҳардаги вазият ҳақида нималар маълум эканини кўриб чиқди.

Кремл матбуот хизмати хабарида Путин Россия бирлашган қўшинлар гуруҳи бошқарув пунктларидан бирига ташриф буюриб, у ерда Бош штаб раҳбарияти ва гуруҳлар командирлари билан йиғилиш ўтказгани маълум қилинган.

«Константиновка олинди. Бу, президент [Путин]нинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари мудофаасидаги муҳим тугун ҳисобланган Словянск-Краматорскни эгаллашдаги биринчи, аммо жуда муҳим босқичдир», – деган журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Константиновканинг жанубий чеккаларидаги жанглар 2025 йил октябрида бошланганди. Жорий йил баҳорига келиб шаҳардаги кварталларга 150 нафар атрофидаги россиялик ҳарбийлар кириб, жойлашишга муваффақ бўлганди.

Шанба куни Россия мудофаа вазирлиги Украинага Константиновка атрофидаги жангларни тўхтатишни ва шаҳар мудофаасида ҳалок бўлган украиналик ҳарбийларнинг жасадларини топширишни таклиф қилди.

Россия ҳарбий идораси буни душанба куни Москва ва Киев вақти билан соат 12:00 дан 18:00 гача амалга оширишга тайёрлигини маълум қилган. Киев ҳозирча бу таклифга жавоб бермади.

Украинадагилар нима демоқда?

Кейинги кунларда Украина қўмондонлиги ҳамда Зеленский Константиновка қўлдан кетгани ҳақидаги баёнотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб чиқишди.

Шу билан бирга, Украина президенти агар ушбу аҳоли яшаш манзили чиндан ҳам Москва назоратида бўлса, Путин бу ерга келиши мумкинлигини айтиб ўтди.

«Албатта, бу нотўғри – бу шунчаки қандайдир янгилик тарқатишни хоҳлаган Россиянинг навбатдаги ёлғони, – деди Зеленский. – Агар Константиновка ҳозир Россия назоратида бўлса, Путин у ерда мен билан учрашиш ва ниҳоят урушни тугатиш учун дипломатик ечимлар топишда муаммога дуч келмасди. Аммо у барибир чизиғини кесиб ўтмайди: ҳақиқат Путиннинг сўзларидан жиддий фарқланади».