Жамият | 10:16
991
1 дақиқада ўқилади

Навоийда ноқонуний олтин қазиш вақтида чуқурликда қолиб кетган 3 нафар фуқаро қутқарилди

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ноқонуний равишда олтин қазиб олишга уринган 4 нафар фуқародан 3 нафари қазилган чуқурликка тушиб, тупроқ остида қолиб кетди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан уларнинг икки нафари қутқариб олинди, яна бир фуқаро эса қутқарувчилар етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ёрдамида чуқурликдан чиқарилди.

Фото: ФВВ

Ҳодиса 7 июл куни соат 04:22 атрофида Навоий вилояти, Хатирчи тумани, “Ангидон” МФЙ, Қуврай қишлоғи тоғ ҳудудида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 4 нафар фуқаро ноқонуний равишда олтин қазиб олиш мақсадида кон ҳудудига борган.

Улардан 3 нафари ноқонуний қазилган чуқурликка тушиб кетиб, тупроқ остида қолган. Ташқарида қолган бир нафар шериги зудлик билан атрофдагилар ва Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар берган.

Қутқарувчилар етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ва ҳодиса вақтида ташқарида бўлган фуқаро саъй-ҳаракатлари билан жабрланганларнинг бири чуқурликдан чиқариб олинган.

ФВБ қутқарувчилари воқеа жойига тезкорлик билан етиб келиб, тупроқ остида қолган яна икки нафар фуқарони қутқаришга муваффақ бўлган. Қутқарилганларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар тегишли тиббиёт муассасасига юборилган.

Ҳодиса юзасидан тегишли тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид