Ўзбекистон | 16:09 / 08.05.2021
15234
3 дақиқада ўқилади

Навоийдаги калтакланган ўқитувчи воқеаси. Вилоят ИИБ ва ХТБ ҳолатга муносабат билдирди

Навбаҳор туманидаги 33-умумий ўрта таълим мактабининг директор ўринбосари ўқувчилардан бирининг онаси томонидан калтакланганлиги воқеасига Навоий вилояти ИИБ ҳамда ХТБ томонидан расмий муносабат билдирилди.

Вилоят ИИБ муносабатида таъкидланишича, 5 май куни соат 12:00 ларда мактаб директори Саодат Файзиеванинг хизмат хонасига 10-синф ўқувчисининг онаси Ҳилола Адизова келиб, қизига директор ўринбосари Дилбар Қодирова танбеҳ берганлиги юзасидан шикоят қилган. 

«Ўрталарида оғзаки тортишув келиб чиқиб, Ҳилола Адизова директор ўринбосари Дилбар Қодированинг юз қисмига қўллари билан уриб, тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат Навбаҳор туман ИИБ навбатчилик қисмида мавжуд Шакл-1 китобида қайд этилиб, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бормоқда. Тергов бўлинмаси томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилиб, воқеа гувоҳларидан тушунтириш хатлари олинган. Дилбар Қодированинг олган жароҳати оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Судга оид тиббиёт экспертизаси хулосаси олингандан сўнг, тўпланган ҳужжатлар юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини маълум қиламиз», дейилади вилоят ИИБ расмий муносабатида.

Навоий вилояти ХТБ бошлиғи Марат Шамуратов Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасига бориб, жабрланувчи Дилбар Қодирова билан учрашган. 

«Таълим муассасасида содир этилган мазкур ҳолат туман халқ таълими бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганилганда, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилбар Қодирова фуқаро Ҳилола Адизовага нисбатан ҳеч қандай қалтис ҳаракат содир этмаганлиги, фарзанди мактаб формасида келиши юзасидан огоҳлантирилганлиги Ҳилола Адизованинг ушбу ҳаракатларни содир этишига сабаб бўлганлиги аниқланди. 

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов 33-умумтаълим мактабига бориб, педагогик жамоа билан учрашув ўтказди. Ўқитувчилар ҳамда техник ходимлар билан бўлган суҳбатда Дилбар Қодирова томонидан ўқувчига нисбатан ҳеч қандай босим, шаънига тегувчи ҳаракатлар содир этилмагани маълум бўлди. Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиб, масалани узил-кесил адолат нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, айбдор шахсни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш шартлигини билдирди. 

Вилоят халқ таълими бошқармаси суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўқитувчини калтаклашда айбдор деб топилган шахсларни қонун доирасида жавобгарликка тортиб, келгусида бошқа шахсларга ҳам дарс бўлиши учун бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилишларини сўраб қолади», дейилган вилоят ХТБ муносабатида.

Аммо муносабатда Навбаҳор тумани ХТБ мудири Хуршид Раҳматовнинг калтакланган ўқитувчига масала ОАВда ёритилса, ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилгани ҳолатига изоҳ берилмаган.

Мавзуга оид