Жамият | 11:09
442
2 дақиқада ўқилади

Боғчага имтиёзли навбат энди онлайн расмийлаштирилади

Фарзандини давлат мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли навбат асосида жойлаштириш ҳуқуқига эга оилалар энди барча жараённи my.gov.uz портали орқали онлайн амалга ошириши мумкин. Тизим имтиёз ҳуқуқини давлат идоралари ахборот базалари орқали автоматик текширади.

Фото: Kun.uz

Янги тартибга кўра, давлат боғчасига имтиёзли навбатга қўйиш учун энди турли идораларга бориш ёки ҳужжатлар тўплаш талаб этилмайди.

Ариза берувчи my.gov.uz портали ёки унинг мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтиб, «Болани давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш» хизматини танлаши ҳамда ўзига тегишли имтиёз тоифасини кўрсатиши кифоя.

Шундан сўнг тизим маълумотларни тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот базалари орқали автоматик равишда текшириб, имтиёз ҳуқуқини тасдиқлайди.

Онлайн хизматдан шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва божхона органлари ходимларининг фарзандлари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, «Аёллар дафтари»га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари, кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг болалари, талабалар ҳамда таълим муассасалари педагогларининг фарзандлари ва қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар фойдаланиши мумкин.

Ариза юбориш учун фуқаро my.gov.uz портали ёки мобил иловасига кириб, хизматни танлайди, зарур маълумотларни тўлдиради, давлат боғчасини ҳамда мавжуд имтиёз турини кўрсатган ҳолда аризани электрон шаклда юбориши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид