Украинанинг Лвив шаҳрида ҳудудий тўлдириш маркази (ТЦК, Украинадаги ҳарбий комиссариат) ходимлари билан тўқнашув иштирокчилари камера қаршисида ҳарбийлардан узр сўрашга мажбур қилинди. Ушбу видео Украина қуролли кучлари фахрийси Антон Петровский ҳамда 3-армия корпуси командири ўринбосари Дмитрий Кухарчук томонидан эълон қилинган. Улар тартибсизлик иштирокчилари билан «тарбиявий суҳбат» ўтказилганини билдиришган.

Роликлардан бирида Лвивда яшовчиларнинг бир гуруҳи (улар орасида ўсмирлар ҳам бор) «ТЦКга шон-шарафлар!» дея ҳайқираётганини кўриш мумкин. Кейин видеодагилардан икки киши ўз ҳаракатлари учун узр сўраган. Улардан бири Украина қуролли кучлари сафида хизматга боришни ваъда қилади. Бошқаси таътилдаги ҳарбий эканини, тез орада фронтга қайтишини айтади.

Шаҳар аҳолиси вакиллари ва ҳарбийлар ўртасидаги тўқнашувлар 8 июл куни кечқурун Сиховда рўй берган. Сафарбарлик тадбири чоғида оломон ҳудудий тўлдириш маркази автомобилига шикаст етказган ва уни ағдариб ташлаган. Лвивдаги нашрларда ёзилишича, йўлдан ўтиб кетаётган одамлар ТЦК гуруҳини пайқаб қолишган ва ҳарбийларнинг ишига аралаша бошлаган. Даҳанаки жанжал ўзаро тўқнашувга айланиб кетган. Ижтимоий тармоқларда оломон ҳарбийларнинг шикаст етказилган автомобилини ўраб олгани ва «Шармандалик!» ҳайқириқлари остида уни ағдаришга уринаётгани акс этган видео тарқалган.

Лвив области ҳудудий тўлдириш маркази версиясига кўра, можаро ушбу шаҳарда яшовчи, ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузгани учун 12 июндан буён қидирувда бўлган шахс (1996 йилда туғилган)нинг ҳужжатларини текшириш асносида бошланган. Ҳарбийлар уни ушбаб, ТЦК биносига олиб келишган. Оломон эса марказнинг яна бир неча ходими йўлини тўсиб, уларнинг хизмат машинасини ўраб олган. Қайд этилишича, Лвив аҳолиси вакиллари ўзини тажовузкор тутиб, сезиларли зарар етказган ва якунда хизмат автомобилини ағдариб юборган».

Прокуратура маълумотларига кўра, тўқнашувларда жами 200 га яқин киши иштирок этган. Тўқнашувлар оқибатида икки ҳарбий жароҳатланган. Украина қуролли кучлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимига нисбатан зўравонлик бўйича иккита жиноий иш қўзғатилган. Тартибсизлик иштирокчиларидан бири ҳибсга олинган. Бу 23 ёшли Олег Гаврилов бўлиб, тергов маълумотларига кўра, у полициячилардан бирига газ баллончасини пуркаган, бошқа бир полициячини урган. Судда Гаврилов 53-алоҳида механизациялашган бригадада оддий аскар сифатида хизмат қилгани, шу йил февралида ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этганини айтиб берган. Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳибсга олиш чоғида уни калтаклашган.