Жамият | 11:59
3345
2 дақиқада ўқилади

“Айби тасдиқланмагач, қидирув бекор қилинди” – ИИВ “Равшан Золотой” бўйича изоҳ берди

Туркияда яшовчи тадбиркор Равшан Муҳитдиновга нисбатан халқаро қидирув бекор қилинди. ИИВ тергов ҳаракатларидан сўнг “Равшан Золотой”нинг айби тасдиқланмаганини маълум қилди. 37 ёшли Муҳитдиновнинг исми апрел ойида Интерпол сайтида пайдо бўлганди.

ИИВ матбуот анжуманида Равшан Муҳитдиновга нисбатан эълон қилинган халқаро қидирув нега бекор қилинганига изоҳ берилди.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дилмурод Мирсодиқов журналистнинг шу борадаги саволига жавоб қайтариб, Муҳитдиновнинг айби тасдиқланмаганини маълум қилди.

2021 йилда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, “Равшан Золотой”га нисбатан қидирув эълон қилинган. Вақт ўтгандан кейин жавобгарликка тортиш муддати ўтгани муносабати билан жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми тугатилган.

Бир қатор тергов ҳаракатларидан сўнг унга нисбатан яна қўшимча аризалар тушган ва қидирув ҳаракатлари жадаллаштирилган. Барча тергов ҳаракатлари ўтказилгач, унинг айби тасдиқланмаган ва қидирув ҳаракатлари бекор қилинган”, деган Дилмурод Мирсодиқов.

Маълумот учун, Равшан Муҳитдиновнинг исми апрел ойида Интерпол сайтидаги «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлганди. У мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш, безорилик жиноятларини содир этишда айбланган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид