Жамият | 09:55
656
1 дақиқада ўқилади

Чимён тоғида адашиб қолган 4 нафар фуқаро қутқарилди

Тошкент вилоятидаги Чимён тоғида сайр вақтида йўлдан адашиб қолган тўрт нафар фуқаро Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан қидириб топилиб, хавфсиз ҳудудга олиб чиқилди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Фото: Видеодан кадр

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, воқеа юзасидан хабар Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига 112 ягона диспетчерлик хизмати орқали келиб тушган.

Мурожаатга кўра, тўрт нафар фуқаро Чимён тоғига сайрга чиққан. Ортга қайтаётганда йўлни қисқартириш мақсадида асосий маршрутдан четга чиққани сабабли адашиб қолган ва қутқарувчилар ёрдамига муҳтож бўлган.

Хабар олиниши билан Чимён махсус қутқарув отряди ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Натижада адашиб қолган фуқаролар топилиб, хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган.

ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида фуқароларнинг ҳеч бири тан жароҳати олмаган.

Вазирлик тоғли ҳудудларга саёҳат қилувчиларга йўналишни олдиндан режалаштириш, об-ҳаво шароитини инобатга олиш ҳамда белгиланган маршрутдан четга чиқмасликни тавсия қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид