Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги 17 ва 19 июл кунлари Қора денгиздаги фуқаролик кемаларига дронлар ёрдамида зарба берилганини қоралади. 

Вазирликнинг билдиришича, кемалар Каспий қувур ўтказиш концорциуми орқали нефтни қонуний тарзда олиб кетаётган бўлган.  

«Бундай ҳужумларни Қозоғистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига тажовуз қилиш ҳамда қонуний халқаро савдони беқарорлаштириш мақсадидаги ҳаракатлар деб баҳолаймиз»,— дейилади ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Қозоғистон бундай ҳужумлар дарҳол тўхтатилишини талаб қилган.

19 июл куни ASIA ва NISSOS IOS танкерлари дронлар зарбасига учраган. Маълумот берилишича, нефт маҳсулотларининг денгизга оқиб кетиш ҳолати юз бермаган.

17 июл куни Қора денгизда Nordic Zenith нефт танкерига ҳужум уюштирилганди.