Украина 20 июлга ўтар кечаси Москва областига дронлар билан навбатдаги ёпирилма ҳужумини амалга оширди. Сўнгги маълумотларга кўра, 10 киши жароҳат олган.

Энг кўп жабрланувчилар Домодедово шаҳрида – етти киши. Шундан олти нафари, жумладан, Хитойнинг уч нафар фуқароси шифохонага ётқизилди, деб хабар берди ҳудуд губернатори Андрей Воробев. Жабрланувчилардан тўрт нафарида – осколкали жароҳатлар қайд этилган, 53 ёшли эркакнинг бели синган, 26 ёшли йигитнинг тиззаси жароҳат олган. Бундан ташқари, Подолскда икки аёл жароҳат олган, уларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Одинцоо округида 11 ёшли қизчага кучли стресс ташхиси қўйилган. Домодедово шифохонасидагилар хабар қилишича, олти киши кичик жароҳатлар билан олиб келинган.

Воробев маълум қилишича, дронлар ҳужуми оқибатида бир нечта хусусий уйлар ва «фуқаролик инфратузилмасининг алоҳида объектлари» шикастланган. У шикастланган объектлар тўғрисида батафсил маълумот келтирмаган. Дронлардан бири М-4 трассасига қулаган. Домодедово шаҳар округи раҳбари Евгения Хрусталева маълум қилишича, «Жанубий дарвоза» («Южные врата») индустриал парки ҳудудида ёнғин чиққан. Дронлардан яна бири Курижова кўчасидаги уйлардан бирининг юқори қаватига урилган.

Домодедовода дрон зарбасидан шикастланган кўп қаватли уй. 2026 йил 20 июл
Reuters / Scanpix / LETA

Astra нашри ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва фотосуратларни таҳлил қилган ҳолда, Подолскда нефт базаси ҳужумга учраб, ёнғин чиққани ҳақида хулосага келган. «Агентство» нашри аниқлик киритишчиа, гап Львовский микрорайонидаги нефт базаси ҳақида кетмоқда.

Коледино қишлоғи (Подолск шаҳар округи таркибида) аҳолиси Wildberries логистика марказида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган. Wildberries матбуот хизмати компания омбори одатдаги режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилди. У ерда аввалроқ хавфсизлик нуқтайи назаридан эвакуация амалга оширилган, бироқ ходимлар аллақачон иш жойларига қайтишган. Эълон қилинган видеоларда омбор устидан учиб ўтаётган дронни кўриш мумкин. Украинанинг Exilenova+ телеграм канали ёзишича, омборга ҳужум қилинган, аммо ёнғин рўй бермаган.

Подолск, 2026 йил 20 июл
Reuters / Scanpix / LETA