Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров 23 июл куни президент Володимир Зеленский таклиф қилган бошқа давлат лавозимларига рози эмаслигини тасдиқлади. Бундан аввал Зеленский унга бир нечта вазифа, жумладан ҳарбий инновациялар бўйича бош вазир ўринбосари лавозимини таклиф қилганини айтган эди.

Федоровнинг таъкидлашича, у президентнинг барча таклифлари учун миннатдор, бироқ мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар натижасига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий лавозимлар Украина президенти, мудофаа вазири ва Қуролли кучлар бош қўмондони ҳисобланади.

«Шунинг учун мен мудофаа вазири лавозимидан бошқа ҳеч қандай вазифага рози эмасман», — деди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, бошқа давлат лавозимлари қурол-яроғ харидларидаги коррупцияга қарши курашиш, армияни ислоҳ қилишни якунлаш, Россия армиясига қарши асимметрик операцияларни режалаштириш ва амалга ошириш, тизимдаги ёлғончилик ҳамда масъулиятсизликни бартараф этиш учун етарли ваколат бермайди.

Федоровнинг қайд этишича, уни лавозим ёки мақом эмас, балки Украина ғалабасини яқинлаштириш учун қарор қабул қилиш ва натижага таъсир кўрсатиш имконияти қизиқтиради.

Собиқ вазирнинг маълум қилишича, жорий йил январ ойида у ўз жамоаси билан президент таклифига биноан Мудофаа вазирлигида иш бошлаган ва AIR-LAND-ECONOMY режасини амалга оширишга киришган. Бу режа мамлакат осмонини ҳимоя қилиш, Россия қўшинларининг илгарилашини тўхтатиш ҳамда Россия иқтисодиётига босим ўтказишга қаратилган.

Федоровнинг таъкидлашича, олти ой давомида мазкур режа босқичма-босқич амалга оширилиб, Украина сўнгги йилларда илк бор ташаббусни ўз қўлига ола бошлаган ва Россияни куч орқали тинчликка мажбур қилиш имконияти пайдо бўлган.

Шу билан бирга, 16–21 июл кунлари Киев ва бошқа шаҳарларда Федоровни мудофаа вазири лавозимига қайтариш ҳамда Қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирскийни лавозимидан озод этиш талаби билан намойишлар бўлиб ўтди.

21 июл куни Володимир Зеленский бош қўмондонни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу лавозимга Қўшма кучлар қўмондони Михаил Драпатий тайинланди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, намойиш иштирокчилари Зеленскийга 24 июлгача Федоровни мудофаа вазири этиб қайта тайинлаш бўйича ултиматум қўйган.

Нашр манбасига кўра, Зеленский ва Федоров ўртасидаги музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Президентнинг коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Дмитрий Литвин ҳам давлат раҳбари билан Федоров ўртасидаги мулоқот давом этаётганини тасдиқлаб, ҳозирча унинг мазмунини очиқлашни нотўғри деб баҳолади.