Жамият | 16:13
1437
7 дақиқада ўқилади

«Бири комага тушди, бири калтакланди»: давлат боғчасида бир оиланинг икки фарзанди ҳам зўравонликка учрагани айтилмоқда

Таҳририятга мурожаат қилган онанинг иддаосига кўра, Олмазор туманидаги давлат боғчасида эгизак фарзандларидан бири оғир аҳволда комага тушган, иккинчиси эса кўзига жароҳат етган ҳолда уйга қайтган. Вазиятга ойдинлик киритиши мумкин бўлган камера ёзувлари эса ҳар икки ҳолатда ҳам тақдим этилмаган.

Rayyan kids хусусий боғчасидаги болаларга нисбатан зўравонликлар жамоатчиликни ларзага солди. Аммо таҳририятга мурожаат қилган она бундай хавотирлар фақат хусусий боғчалар билан чекланмаслигини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, давлат боғчасида эгизак фарзандларидан бири комага тушган, иккинчиси эса кўкарган кўзига пудра суртилган ҳолда уйга қайтган. Ҳар икки ҳолатда ҳам воқеага ойдинлик киритиши мумкин бўлган камера ёзувлари тақдим этилмаган.

Боғчага соғлом кетган бола комага тушди

Шаҳноза Қурбонованинг эгизак фарзандлари Олмазор туманидаги 201-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига боради.

“Боғча опаси телефон қилиб келаётганимни сўраб, “Умар яхшимиди, негадир мазаси бўлмаяпти, оғирлашиб қолди”, деди. Яхшилигини айтиб, нима бўлганини сўрадим. Ёнида овозлар эшитиляпти: “Боланинг юраги тўхтаб қоляпти, нафас беринглар” деб бақир-чақир бўлиб кетди. Менга яна бошқа боғча опа чиқиб бақиряпти “қанақа онасанлар, касал болангни уйда қарасанг бўлмайдими? Ногирон болаларингниям боғчага берасанлар”, деб. Бу менга ёмон таъсир қилди. Бир томонда боламнинг ўлаётганини эшитиб турибман. Болам касал эмасди, тушунмай шок ҳолатда қолдим. Тез ёрдам чақириб туринглар десам “боғчамизнинг обрўйига тўғри келмайди. Бизга гап тегади, чунки боланг боғча ёшида эмас деб телефонни ўчиришди. Келсам боламни боғчадан олиб чиқиб, рўпарадаги хонадонга олиб киришган. Болам битта нуқтага қараб гапирмаяпти. Ўлиб қолди деб ўйладим. Одеялга ўраб қўйишган. Менга сув беришди, боғча опа тинимсиз мендан кечирим сўраяпти.

Болам шифохонада уч кун комада ётди, 10 кун жонлантириш бўлимида ётдик. Жуда оғир аҳволга тушиб қолди, ҳозирги кунда боламнинг нутқига таъсир қилган бу нарса. Яхши гапира олмайди. Кўзини жуда кўп пирпиратади. У ҳолатда нима бўлганини билмаймиз, лекин шифокорлар бола соғлом, шок ҳолатида, юрак ёрилиш даражасига етиб келган деб ташхис қўйишди. Болани ёки қаттиқ қўрқитишган, ёки қаттиқ йиқитишган, ёки қаттиқ бақиришган дейишди”.

Дарҳақиқат, Kun.uz’га тақдим этилган шифокор хулосаларида боланинг аҳволи жуда оғир бўлгани айтилган, лекин иккала томон учун ҳам ойдинлик киритиши мумкин бўлган камера ёзувлари ўчириб юборилган. Ҳолат юзасидан она ҳеч қаерга шикоят қилмаган.

Боланинг кўзига аёллар “тоналний” пудраси суртилган

Шаҳноза Қурбонованинг айтишича, орадан кўп ўтмай иккинчи фарзанди ҳам жароҳат билан уйга қайтган.

“12 май куни эгизакларимнинг кичкинаси соғлом ҳолда боғчага кетди. 18:00 ларда уйга келганда битта кўзи шишиб кетган, очилмаяпти, овози чиқмаяпти, гапира олмаяпти. Нима бўлганини сўрасам зўрға “боғча опам урди”, деди. Шифокорга олиб борсак, болага катта инсон тарафидан яхшигина зарба бўлганини айтди. Чунки қовоқлари билан шишиб кетганди. Кўзини ичини кўраман деб яхшироқ очсам, болани кўзига аёллар “тоналний” пудраси суртилган.

Улар қилар ишни қилишяпти, ҳар доимгидай камера ёзувлари йўқ. Доим бола жароҳатланса, камера ёзувлари бўлмайди. Бу 6- ёки 7- ҳолат бўлди бизда. Ўртада тирноғи узилиб чиқди бир марта, “эшикка сиқиб олди, узр”, дейишди. Боғчага бориб бақир-чақир қилиб ёмон кўринмай дедим, болаларим шу боғчага ўрганди деб кўп жойда юз-хотир қилганман. Чунки ўша ҳудудда яшаймиз, боғча ёнимизда. Эртага “онаси шаллақи”, деган гапни олмаслик учун юз-хотир қилиб келдим”.

Шу ҳолатдан кейин она камера ёзувлари талаб қилган, бироқ ўша пайтда боғчада “свет” ўчганлигини айтиб ёзувни беришмаган. Аммо туман электр тармоқлари бу пайтда ҳудудда электр узилишлар бўлмаганини айтган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тарбиячига интизомий жазо қўлланган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам муассаса фаолияти ўрганилганини ва онанинг важлари қисман ўз тасдиғини топганлигини маълум қилган.

“Болангиз тириклигига шукур қилинг”

Онанинг айтишича, у вазият юзасидан бир қатор давлат идораларига мурожаат қилган.

“Бошимга тушиб, кўп жойга югурдим: Таълим вазирлиги, РАЙОНО, гуно, кўп жойларга бордим. Яхши ишлайдиган одамлар ҳам бордир, лекин кўп жойда таниш-билиш рол ўйнаркан. Она сифатида бордим, ҳеч ким эшитмади. “Болам комага тушди, калтакланиб чиқди, камера ёзувларини беришмаяпти” десам, РАЙОНОдаги ходим болам тириклигига шукур қилишим кераклигини айтяпти. Қачонгача боғчаларда бу ҳолат давом этади, бола ўлса кейин чора кўриладими?

Биз боғчага боламизни мажбурликдан берамиз, мен мажбурликдан берганман: ишлаганим учун, уйда қарайдиган одамим йўқлиги учун. Ҳеч ким бекорчиликдан бермайди. Ота-оналар камерани кўриб назорат қилиб туришларини хоҳлардим. Боламизнинг нима бўлганини билишимиз учун, керак бўлганда шунга қараб даволатиш учун”.

Охирги йилларда давлат боғчаларида видеокузатув тизимлари босқичма-босқич жорий этилди. Аммо бола жароҳат олганида айнан шу тизимлар ҳақиқатни аниқлаш воситасига айланиши керак бўлган бир пайтда, ота-оналар кўп ҳолларда ёзувларни ололмаётганини айтмоқда. Хўш, агар камералар воқеани ёритиб бермаса, уларнинг мавжудлигидан мақсад нима?

Ўзбекистонда минглаб ота-оналар фарзандларини ҳар куни боғчага ишонч билан топширади. Улар болалари боғчада хавфсиз бўлишини хоҳлайди.

Эслатиб ўтамиз, мактаб ва боғчаларда болаларга зўравонлик қилган тарбиячи-педагоглар 1 йилгача бу муассасаларда ишлашдан маҳрум қилинади. Мазкур қонун Сенатда тасдиқланди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид