Даволаниш учун Наманганга борган 28 ёшли навоийлик ЙПХ ходими фожиали тарзда вафот этади. Уни уриб кетган Onix ўсмир бошқарувида эди. Бу машина 16 ёшидаги туғилган кунига отасининг совғаси бўлган ва бола ҳеч қандай ҳужжатсиз 2 йил машина ҳайдаб юрган.
Kun.uz ва Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигидаги навбатдаги кўрсатув сўнгги вақтда кўпайган ҳолат: вояга етмаганларнинг рулга ўтириши оқибатида юз бераётган фожиалар ҳақида. Бу маҳкум шу сабабдан ўз жазо муддатини ўтамоқда.
2025 йил 25 ноябр куни Наманган шаҳри Ислом Каримов кўчасида фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Даволаниш учун Наманганга келган Навоий вилояти ЙПХ ходими Дониёр Нуруллаев пиёдалар ўтиш йўлагидан кесиб ўтаётган вақтда рақамсиз қора Onix уни уриб кетди.
“16 ёшимда отам машина совға қилди”
Автомобил ичида икки нафар вояга етмаган ўсмир бўлган. Улар Instagram орқали жонли эфир қилиб кетаётган эди. Рулда эса 16 ёшли Ҳасанбой Зиёвуддинов бўлган.
“2024 йилда, 16 ёшга тўлган куним отам автомашина совға қилганди. 16 ёшимда рулга ўтирганман. 2025 йил 25 ноябр куни шу ўзимга тегишли, қариндошимнинг номида бўлган машинада Наманган шаҳрида Афсона йўналишидан Дўстлик йўналишига қараб кетаётган эдик. Ёнимда дўстим Instagramʼда тўғридан тўғри эфир қилиб кетаётган эди. Ислом Каримов кўчасидаги госпитал ёнидан қайрилганимда шеригим бирданига “одам” деди. Тормозни босганимда одамни урдим. Тушсам, мендан 7 метр чамаси узоқда экан, борганимда кўзлари очиқ, нафас олаётган эди. 103 чақирдим, шифохонага олиб кетишди. Кейин ИИБ ходимлари келиб баённома расмийлаштираётганда у одамнинг жони узилганини эшитдим”, дейди маҳкум.
Аммо бу Onix Ҳасанбой учун шунчаки туғилган кун совғаси эмас эди. Бу 16 ёшли ўсмирга берилган эркинлик эди. Тергов материалларига кўра, у ҳеч қандай ҳайдовчилик ҳуқуқисиз икки йил давомида автомобил бошқариб келган. Шу вақт ичида унинг автомобили тўрт марта жарима майдончасига олиб кетилган. Ҳар сафар жарима тўланиб, машина қайтариб олинган. Охирги марта автомобилни жарима майдончасидан чиқаришга ёрдам берган ИИБ ходими ҳам айни пайтда жазо ўтамоқда.















