Германия Федерал жиноят полицияси (Bundeskriminalamt — BKA) маълумотига кўра, 1 июл ҳолатига мамлакатда 410 нафар шахс хавф туғдириши мумкин бўлган шахс сифатида таснифланган.

Бу ҳақда RedaktionsNetzwerk Deutschland (RND) нашрлар гуруҳи BKA вакилига таяниб хабар берди.

Мазкур тоифага террорчилик ҳаракатлари каби оғир зўравонлик жиноятларини содир этиши мумкин деб ҳисобланган шахслар киритилади.

Шунингдек, Германияда 65 нафар эҳтимолий ўнг экстремист ва 17 нафар эҳтимолий сўл экстремист ҳам хавф туғдирувчи шахслар рўйхатига киритилган.

BKA таъкидлашича, шахсга мазкур мақомни бериш ёки уни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги қарорлар федерал ерлар томонидан қабул қилинади. Ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилади, шунинг учун рўйхатдаги шахслар сони вақт ўтиши билан ўзгариб туради.

Радикаллашув бўйича мурожаатлар кўпаймоқда

Нюрнберг шаҳрида жойлашган Германия Миграция ва қочқинлар ишлари бўйича федерал идораси (BAMF) ҳузуридаги Радикаллашув масалалари бўйича маслаҳат маркази 2026 йилнинг биринчи ярмида 165 та мурожаатни қабул қилган.

Мутахассислар фикрича, радикаллашувга оид маслаҳатларга эҳтиёж ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда ва бу кўрсаткич 2023 йил даражасига яқин.

2023 йил давомида марказга жами 374 та мурожаат келиб тушган эди.

2025 йилда мурожаатларнинг ярмидан кўпи давлат муассасалари, жумладан мактаблар томонидан юборилган. Қарийб 43 фоизи эса радикаллашув таъсирига тушгани тахмин қилинган шахсларнинг оила аъзолари ҳиссасига тўғри келган.

Айниқса, маслаҳат сўраб мурожаат қилганлар орасида ота-оналар энг катта гуруҳни ташкил этган.

2025 йилда радикаллашгани тахмин қилинган шахсларнинг ўртача ёши 19 ёшдан бироз кичик бўлган.

2023 йил 7 октябр воқеалари бурилиш нуқтаси бўлган

Мутахассислар фикрича, 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми Германия жамиятида радикаллашувга нисбатан эътиборни кескин оширган.

Бу эса маслаҳат марказларига мурожаатлар сонининг ортишига сабаб бўлган.