Францияни қамраб олган ўрмон ёнғинлари Жиронда департаментидаги Атом ва муқобил энергия манбалари бўйича комиссариатининг (CEA) CEA Cesta ядровий тадқиқотлар маркази яқинида авж олди, деб хабар берди AFP агентлиги.
“Барчаси назорат остида, хавотирга ўрин йўқ. Хавфсизлик чоралари таъминланмоқда ва ҳозирги босқичда ҳеч қандай хавф мавжуд эмас”, деди CEA Cesta тадқиқотчиси ва комиссариатнинг коммуникациялар бўйича масъули Филипп Бирссет.
Ядровий тадқиқотлар маркази жойлашган Барп коммунаси мэрининг биринчи ўринбосари Жак Мореттонинг сўзларига кўра, марказ фаолияти ядровий тийиб туриш билан боғлиқ.
“Бу ерда қиймати бир неча миллиард еврога тенг бўлган Laser Mégajoule ҳам жойлашган. У стратегик объект ҳисобланади. Шундай экан, бу Барп учун маълум маънода устунликдир, уни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, деди у.
Le Parisien нашрининг ёзишича, ёнғинлар Жирондадаги “Блайе” атом электр станциясидан 45 километр масофада ҳам тарқалган.
“Франциядаги атом электр станциялари тошқинлар, қурғоқчилик, кучли совуқлар ёки ғайриоддий иссиқ каби экстремал об-ҳаво шароитларининг оқибатларига бардош бера оладиган қилиб лойиҳалаштирилган”, дейилади Франциянинг энг йирик EDF давлат энергетика компанияси баёнотида.
Мамлакат ички ишлар вазири Лоран Нуньес “ёнғин фронти ортида жойлашган нозик объектлар” муҳофазаси кучайтирилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу объектлар атрофида ёнғинга қарши ҳимоя йўлаклари барпо этилган, кузатув патруллари ва йирик ёнғин ўчириш кучлари жойлаштирилган.
Францияда кучли ўрмон ёнғинлари июл ойининг иккинчи ярмида Европани қамраб олган фавқулодда иссиқ об-ҳаво фонида бошланди. Табиий офатнинг асосий ўчоқлари Бордо шаҳри яқинидаги Жиронда ва қўшни Ланд департаментлари бўлмоқда. Шунингдек, мамлакат жануби-шарқидаги Вар департаментида ҳам йирик ёнғинлар қайд этилган.
Франция президенти Эммануэл Макрон мамлакат Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган даражадаги ўрмон ёнғинларига дуч келганини айтди.
L'Indépendant нашри маълумотига кўра, ёнғинларни ўчириш ишларига 2 750 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи, қарийб 1 500 нафар ҳарбий хизматчи, 1 440 нафар ички хавфсизлик ходими, 20 га яқин авиация техникаси жалб қилинган. Тўқсон нафарга яқин ўт ўчирувчи жароҳатланган. Аҳоли орасида қурбонлар йўқ, 240 та уй вайрон бўлган.
Жирондадаги ёнғинлар 42 минг гектар ўрмонни йўқ қилган. Франция бош вазири Себастян Лекорнюнинг маълум қилишича, йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 116 минг гектардан зиёд майдон ёнғиндан зарар кўрган. Бу 2022 йилдаги йирик ёнғинлардан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Жирондадаги ёнғинлар сабабли 220 минг нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.











