«Золотая Корона» халқаро пул ўтказмалари тизими орқали Ўзбекистонга маблағ юборишда муаммо кузатилмаяпти ва юборилган ўтказмалар белгиланган тартибда аҳолига бериляпти. Бу ҳақда 29 июл куни Марказий банкда ўтказилган матбуот анжуманида Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти раҳбари Отабек Тожиддинов маълум қилди.

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 9,3 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2025 йил мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп. Мазкур маблағларнинг қарийб 2,4 миллиард доллари «Золотая Корона» тўлов тизими орқали келиб тушган.

«Золотая корона орқали келиб тушаётган маблағлар фақат Россиядан юборилмайди — Корея, Туркия, Қозоғистон, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқа мамлакатларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари томонидан юборилган маблағлар ҳам мамлакатимизга келиб тушади. Санкциялар «Золотая корона»тизимининг ўзига эмас, балки унинг корреспондент банкига қўлланилган. Мамлакатимиз тижорат банклари «Золотая корона» раҳбарияти билан келишган ҳолда техник операторни санкциялар таъсирига тушмаган бошқа банкка ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, келаси ҳафтадан янги оператор орқали иш бошланиши кутиляпти. Умуман олганда, мазкур вазиятнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсири сезиларли емас. Шу билан бирга, масалани қисқа муддатларда тўлиқ ҳал этиш мақсадида Марказий банк ва тижорат банклари томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда», деди Отабек Тожиддинов.