Украина дронлари 29 июл куни тонгда Wildberries’нинг Рязандаги омборига ҳужум уюштирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратлар ва видеоёзувларда ҳудудда кучли ёнғин чиққанини кўриш мумкин. Бинонинг бир қисми қулаб тушган.
Wildberries’дагилар Рязандаги омбор «вақтинча буюртмаларни қабул қилмаслиги», ходимлар эса эвакуация қилингани ҳақида маълум қилган.

Украина 18 июлдан буён Wildberries’нинг логистик марказлари ва омборларига ҳужум қилиб келмоқда. Ўтган вақт ичида Россиянинг турли ҳудудлари ва аннексия қилинган Қримда жами 10 та омбор дронлар ҳужуми остида қолди.

Россия ҳукумати Украинанинг компания омборларига уюштирган бир қатор ҳужумларидан сўнг Wildberries маркетплейси ва унга алоқадор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини ўрганмоқда. Reuters агентлигига кўра, бунда ВТБ банки асосий ролни ўйнаши мумкин.
Агентлик манбаси таъкидлашича, Wildberries қийин вазиятга тушиб қолган ва барқарор фаолиятини сақлаб қолиш учун давлат банкларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлади.
Компанияга яқин ва музокаралар жараёни билан таниш бўлган манбанинг айтишича, Wildberries асосчиси Татяна Ким ҳукумат билан эҳтимолий ёрдам чораларини муҳокама қилмоқда. Улар орасида компенсация тўловлари фонида компанияга бўлган босимни камайтириши мумкин бўлган солиқ имтиёзлари ҳам бор.
Қўллаб-қувватов маркетплейснинг ўзига ёки унинг сотувчиларига кредитлар шаклида, шунингдек, солиқ имтиёзлари ёки субсидиялар шаклида тақдим этилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Кремл Wildberries билан боғлиқ вазият ҳукумат назорати остида эканини маълум қилган, аммо ҳозирча қўллаб-қувватлаш тўғрисида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
ВТБ банки раиси ўринбосари Дмитрий Пянов агар бундай сўров тушадиган бўлса, Wildberries’ни кредит билан қўллаб-қувватлашни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.












