2026 йил 30 июл куни Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашув доирасида давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим имзоланди.
Мазкур битим икки давлат ҳудудида меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Битимнинг асосий қоидалари:
• ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш (суғурта) стажи учун пенсия тайинлайди ва тўлайди;
• пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилиги асосида, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади;
• бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудида кўчган тақдирда ҳам олиш имконияти таъминланади;
• икки давлат фуқароларига тенг ҳуқуқлар берилади, шунингдек дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари белгиланади.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Қирғизистонда меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда икки давлат пенсия тизимлари ўртасидаги мажбуриятларни адолатли тақсимлашга хизмат қилади.











