30 июл куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим имзоланди.

Қайд этилишича,мазкур битим икки давлат ҳудудида меҳнат қилган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Битимга кўра:

ҳар бир давлат фуқаронинг ўз ҳудудида орттирган иш (суғурта) стажи учун пенсия тайинлайди ва тўлайди;

пенсия миқдори ҳар бир давлатнинг миллий қонунчилиги асосида, шу давлат ҳудудида ишлаган стаж, иш ҳақи ёки тўланган суғурта бадалларидан келиб чиқиб ҳисобланади;

бир давлатда тайинланган пенсияни пенсионер бошқа томон ҳудудида кўчган тақдирда ҳам олиш имконияти таъминланади;

икки давлат фуқароларига тенг ҳуқуқлар берилади, шунингдек дафн этиш нафақаси, тиббий-ижтимоий экспертиза, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ваколатли органлар ўртасида ахборот алмашиш тартиблари белгиланади.

Битимнинг ўтиш қоидаларига мувофиқ, у кучга киргунга қадар орттирилган иш стажи миллий қонунчилик ҳамда 1992 йил 13 мартдаги МДҲ Битими асосида инобатга олинади.