АҚШдан депортация қилинган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси махсус чартер рейс орқали Тошкент халқаро аэропортига олиб келинди.

Хабар қилинишича, улар АҚШ миграция қонунчилиги талабларини бузгани учун депортация қилинган.

“Жараён доирасида фуқароларнинг шахсини аниқлаш, зарур сафар ҳужжатларини расмийлаштириш, ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш ҳамда уларнинг хавфсиз қайтарилишини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилди”, дейилади “Дунё” АА хабарида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон хорижий давлатлар билан миграция соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириб, ноқонуний миграциянинг олдини олиш, фуқароларнинг хориждаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, зарурат туғилганда уларнинг хавфсиз ватанга қайтарилишини таъминлаш юзасидан тизимли ишларни давом эттирмоқда.