Украина дрони пляжга қулади
3 август куни Краснодар ўлкасида Геленжик яқинидаги Архипо-Осиповка қишлоғига Украина дрони қулади. Дрон тўғридан тўғри дам олувчилар устига – пляжга қулаб тушган. Краснодар ўлкаси тезкор штаби маълумотларига кўра, ҳужумда етти киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Украина дрони тинч аҳоли орасида яна 40 кишини жароҳатлаган, улардан 21 нафари касалхонага ётқизилган.
Маълум бўлишича, шаҳар раҳбари Алексей Богодистов ўша куни эрталаб дрон хавфи ҳақида хабар берган, орадан 10 дақиқа ўтгач хавф бекор қилинган.
Краснодар ўлкаси губернатори ҳужум фуқаролик инфратузилмасига қаратилганини ва пляжга дрон қолдиқлари қулаганини маълум қилди. Бироқ воқеа жойидан гувоҳлар томонидан олинган видеода пляжга бутун бошли дрон қулагани кўринади.
Айрим ҳарбий экспертлар эса дрон Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳаракатлари туфайли пляжга қулаган бўлишини айтмоқда. Чунки дрон қулашидан олдин ўқ овозлари эшитилган, бу мобил ўт очиш гуруҳлари уни уриб туширган деган тахминларга олиб келмоқда.
Ҳозирча дроннинг аниқ нишони қайси нуқта бўлгани маълум эмас.
Аммо ўқ товушлари яқин атрофда қўриқланадиган объект борлигидан далолат беради. Айнан шу объект дрон нишони бўлган бўлиши мумкин.
«Агентство» нашрининг ёзишича, дрон қулаган пляж «Рассвет» дам олиш маскани рўпарасида жойлашган. У эса Россиянинг энг асосий ракета-космик корхоналаридан бири — «НПО машиностроения» филиалидир.
Бундан ташқари, Геленжик яқинида — Навалний фонди суриштирувларида чиққан Путиннинг машҳур саройи жойлашган. Дрон қулаган пляждан саройгача масофа 30 километрдан камроқ.
Душанба куни Украина дронлари, шунингдек, Москвадан шарқда жойлашган яна бир Wildberries омборига ҳужум қилди. Владимир вилояти губернаторига кўра, ёнғинни ўчиришга 203 нафар ўт ўчирувчи ва 67 та техника жалб қилинган. Ёнғин майдони 100 000 квадрат метрни ташкил этди: бу тахминан 14 та футбол майдонига тенгдир.
WB ҳужумни тасдиқлади ва барча ходимлар эвакуация қилинганини билдирди. Ҳужумда 3 киши жароҳатланган.
Дунайда сув сатҳи пасаймоқда
Венгрия ўзининг 44 йиллик тарихида биринчи марта Пакш атом электр станциясини ёпади.
















